Марҳум шифокорнинг қизи отаси карантин зонага боришга мажбурланганини айтди

Интервью 22484
image

28 июнь куни Ўзбекистонда хизмат вақтида коронавирус юқтириб олган шифокор вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. У Тошкентдаги Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Алишер Уралов эди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, шифокор шу йилнинг 14 июнь кунидан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги карантин марказидаги фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида фаолият кўрсата бошлаган.

Марҳум шу йилнинг 23 июнь куни аҳволи оғирлашиб, дастлаб Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонасига, сўнг эса Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ўткир миокард инфаркти ташхиси билан ётқизилган.

26 июнда эса юрак, нафас ва ўпка етишмовчилиги кузатилиб, аҳволи оғирлашганлиги учун реанимация бўлимига олинган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мамлакатдаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг мутахассислари томонидан бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, назоратга олинган.

Бироқ кардиолог, пульмонолог, терапевт, вирусолог, реаниматологларнинг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Бугун, 30 июнь куни ижтимоий тармоқларда марҳумнинг қизи Шаҳноза Ҳасанованинг эътирозлари тарқалди. Унда қайд этилишича, марҳумга ўз вақтида даво чоралари кўрсатилмаган. У коронавирусга чалинган бўлса ҳам шифохонага ётқизилмаган. Ҳасановага кўра, мамлакатда кўплаб тиббиёт ходимлари коронавирусни даволаш ишларига мажбуран жалб қилинмоқда ва улар ҳимоя воситалари билан таъминланмаган. Марҳумнинг қизи журналист Азиза Қурбонова билан суҳбатда шундай дейди:

“Оғир жудолик юз берди... Отам Алишер Уралов, 52 ёшда эдилар. Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасида ишлардилар. 14 июнь куни Ўртасаройдаги карантинга олинган беморларга қараш учун ишхоналари томонидан мажбурий жўнатилганлар. Отам ишдан қочмасдилар. Ёшлари катта, гипертония, қандли диабет, оғир вазнда бўлганлари учун ҳам касалликни оғир ўтказиши мумкин бўлган хавф гуруҳида эдилар. Икки марта рад жавобини берганлар. Лекин “отдел кадр”нинг “бормасангиз, ишдан ажраласиз” деган гапи ортидан боришга мажбур бўлганлар. Ишларини жуда яхши кўрардилар-да.  Ўртасаройда  шифокорлар учун шароит яхшимас. Тез-тез алмаштириладиган ҳимоя воситалари етмаётганини айтгандилар. Отам менга расм жўнатганда, “қўлқоп ва бахиллам йўқ” деганлар.  Хуллас, борганларидан 4 кун ўтиб иситмалари чиқишни бошлаган. Коронавирусга тест топширганларида юклама кўплиги учун СЭС жавобни куттирган. 20 июнь куни тест жавоби “мусбат” чиққан. Одатда қатъий ташхис қўйиш учун қайта-қайта текширилади. Яна иккинчи тестнинг жавобини кутишган. 

21 июнь куни отам билан бирга ишлаётган ва бир хонада ётган шифокор Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси штабига икки томонлама пневмония ташхиси билан сигнал хати жўнатган. Тез ёрдам машинасига жойлаштирган. Аҳволлари оғирлашган. “Вирусга шубҳа”  остида ўзларининг карантин зонага айланган ишхоналарига олиб боришган. Энг даҳшати, ўша  ўзлари ишлайдиган Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси отамни қабул қилмаган, “жой йўқ” деб “отказ” берган. Ўзлари ишлаётган жой! Вақт йўқотилган. Ҳозир бўлса, ишхоналаридаги ходимлар ва раҳбарлари ҳам  “биз отангизнинг касал бўлганини билмагандик” дейишяпти. Отам ўшандан кейин Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонасига жўнатилганлар. У ерда тайинли тиббий ёрдамни ололмадилар. “Ҳамма менга қарашдан қўрқяпти” деб ҳансираб оғир аҳволда телефон қилганлари қулоқларимда жаранглаб турибди. Отам “Литературный”даги юқумли касалликлар шифохонасида вафот этдилар. 26 июнь куни Отамни СЭС ходимлари ва COVID га чалинган бошқа ёш йигитлар ёрдамида ерга қўйишди. 

Фотиҳага келган ҳамширалар “ахир жой бор эди-ку, нега ўзимизнинг врачни киргазишмади”, дейишади. Нега отамнинг ҳамроҳ касалликлари кўп бўлса ҳам, истамасалар ҳам босим билан Ўртасаройга жўнатишди? Нега шахсий ҳимоя воситалари билан тез-тез таъминлаб турилмади? Нега ковид аниқланганидан сўнг салоҳиятли, тўғри даволай оладиган шифохонага жўнатилмадилар? Нега? Нега?”, дейди Шаҳноза Ҳасанова.

Журналист Азиза Қурбонова 28 июнь куни туш пайти Алишер Ураловнинг қизи Шаҳноза Ҳасановадан бу гапларни эшитганида дан бу гапларни эшитганимда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлим ҳолати бўйича ҳеч қандай маълумот бермаган бўлган. Орадан икки соат ўтиб, А.У. вафот этгани хабари қилинган. Ҳолбуки, А.У. икки кун аввал вафот этган эди.  

“Албатта, Шаҳноза ҳалигача стресс ичида ва оловдек дардда қовриляпти. Вазиятга баҳо беришда ошириб юбориши мумкин. Айтган сўзларига фактлар сўрадим. У менга отасининг Ўртасаройда тушган ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланмаган расмини, шунингдек, мозорда узоқдан тасвирга олинган марҳум шифокорнинг тобутини олиб тушишаётгани ва унга қўшимча тахминан яна иккита тобут кўриниб турган фото ва видеоларни жўнатди”, деб ёзмоқда журналист. 

Журналист Азиза Қурбонова эшитганларига аниқлик киритиш мақсадида кеча, 29 июнь куни Алишер Уралов билан Ўртасаройда битта хонада яшаган ва бирга карантин зонада хизмат қилган, ҳозир ўзи ҳам қатъий карантинда бўлган шифокор билан суҳбатлашганини айтади. 

“Ҳақиқатан ҳам врачларга “давка” кетяпти. Бу ерга келмаганлардан ҳам сўраб кўринг, шундай дейишади.  Шахсан ўзим ҳам 54 ёшли врачман ва бу ерга мажбуран келганман. Эҳтиёжларимизга керак бўладиган нарсаларни яхши таъминлаб беришолмади. Карантинга олинган 600 га яқин фуқарога бригадамиз билан тиббий хизматни олиб бордик. 600 киши ҳаммаси вирусга чалинган эмас, лекин уларнинг бошқа касалликлари бўлади, асаб, ошқозон касалликлари, психоз кузатилади... Агар улар у ёки бу тиббий ёрдам эҳтиёж сезcа, дори-дармон таъминоти яхшимас,  биз талаб қўйсак, таъминлаб беришолмади. Ҳимоя воситаларига келсак, бу ерда қизил ва яшил зоналар бор. Қаерда хизмат кўрсатишга қараб кийимлар кийилади. Шаҳноза айтганидек, тапочкалар етишмовчилиги принципиал эмас. 

Менинг фикрим, бу ерга келадиган шифокорлар контингентини тўғри танлаш керак. Тасаввур қилинг, ишхонангизда ишлаяпсиз-да, шундоқ қўнғироқ қилишади-да ярим соат вақт беришади, нарсаларингни йиғ зонага борасан! Ҳеч қандай тайёргарлик этапи йўқ, инструктаж йўқ, қоғозларда қолиб кетган. 

Келган шифокорлар вазиятни ўрганиб олгунча 2-3 кун шокда юради. Шахсан мен ўзим ўша якшанбада (14 июнь куни) туғруқхонада дежурда эдим. Мени навбатчиликдан олишяпти-да бу ерга жўнатишяпти. Бу инсонийликданми? Ишхоналарда ходимларни контингентини адолат билан саралаш йўқ. 

Бу ерга шифокорларнинг ёши, соғлиғи билан ҳисоблашиб жўнатиш керак эди. Алишер ака билан 4-5 кун бирга ётган бўлсам, у кишининг касалликлари кўп экан, келмаслиги керак эди. Мен у кишини тез ёрдамда жўнатиш ишлари билан ўзим шуғулландим, телефонда штаб билан гаплашдим, кейин ҳам алоқада бўлиб турдим. А.Ураловда вирусга шубҳа туғилганида ўз ишхонасига жўнатилиши юридик жиҳатдан тўғри эмасдир, лекин инсонийлик жиҳатидан ишлаб турган жойи  томонидан қабул қилиниши керак эди. Назаримда, у якшанбадан то жумагача яхши тиббий хизмат ололмаган”, дейди марҳум билан бирга ишлаган иккинчи шифокор.  

QALAMPIR.UZ ушбу масалани атрофлича ўрганишда давом этади. Кейинги суҳбатдошимиз  Вирусология илмий-текшириш институти директори, профессор Эркин Мусабоев. Суҳбатни тез орада эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 509
Рейтинг: 3
t
×