Марҳум муфтий Усмонхон Алимов қандай васият қолдирганди?

Жамият 45038
image

Рустам ҳожи Жамилов Марҳум муфтий Усмонхон Алимов қандай васият қолдирганини очиқлади. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси Матубот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Усмонхон Алимов вафотидан аввал ўзи туғилиб ўсган Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “Эшони Темирхон Тўра” масжиди ёнидаги қабристонга вақти келиб дафн этилишини сўраган. Марҳум муфтийнинг отаси ҳам ўша қабристонга қўйилган.

“Ўзлари туғилиб ўсган Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “Эшони Темирхон Тўра” жоме масжидини қайта таъмирлаб, ёнидаги қабристонни ҳам обод қилганимиздан сўнг, мени ёнларига чақирдилар. Ўшанда дадаларининг қабрлари олдидаги жойни кўрсатиб: “Болам, мени вақти келиб шу ерга дафн этинглар. Бу сенга васиятим”, деб тайинлагандилар”, дея қайд этган Рустам ҳожи Жамилов.

Ҳожи Жамиловнинг сўзларига кўра, ҳаммаси Усмонхон Алимов васият қилгандек амалга оширилган.

“Ҳа, ҳаммасини сезган эканлар. Шу масжидни таъмирлаётганимизда ҳам “Тез-тез ишни тугатинглар”, деганлари ҳамон қулоғимда. Бетоб бўлганларида ёнларида туриб, вафотларидан сўнг, у кишини олиб келиб, ўзлари кўрсатган ерга, яъни дадаларининг ёнларига дафн этдик – васиятларини бажардик”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 71 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бунгача Усмонхон Алимов ўпка ва қон-томир касалликлари, хусусан ўпка пневмонияси бўйича Москвадаги шифохонада даволанаётганди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2238
Рейтинг: 3
t
×