Марҳаматда маҳаллийлаштиришга эътибор нолми? Аукционда ютган тадбиркор 8 ойдирки ерини ололмаяпти
Таҳлил
−
12 Декабрь 2019
7048Ҳар қандай танлов ёки тендер давлат томонидан ўтказилса, фуқаро унга шубҳасиз ишонади. Кўпчилик “бунинг ортида давлатнинг ўзи турибди, демак ҳаммаси ишончли”, деган фикрга боради. Бироқ ваъдалар ҳужжатларда келтирилган бўлса ҳам амалга ошмай қолса-чи?!
QALAMPIR.UZ таҳририятига йўлланган навбатдаги мурожаат Андижон вилоятининг Марҳамат туманидан бўлди. Катта умидлар билан аукционда иштирок этган ва ғолиб бўлган тадбиркор баҳор ойидан буён ўз фаолиятини бошлай олмаяпти. Тадбиркор давлат аукционига ишониб ўз мулкини ололмаётганидан норози. Биз мурожаатчи билан суҳбатлашдик.
Йиғилиб қолган дардлар
“TARAQQIYOT OMAD SERVIS” Х/Ф номи билан фаолият олиб борувчи корхонамиз автомобилларга бутловчи қисмлар ишлаб чиқаради. “UzAutoMotors”, “UzKoram”, “Uz Dong-yang”, “UzClimateControl” каби корхоналар билан шартномаларимиз бор. Ижара асосида ишлаб турган жойимиз 2016 йилда бошқа корхонага ўтиб кетди. Шундан сўнг, туман ҳокимига мурожаат қилдик. Доимий ишлаб чиқаришимиз мавжудлигини, жой кераклигини айтдик.
Ҳокимиятдагилар бўш турган жойларни бериш ҳоким ваколатидан чиқарилганини айтишди. Бундай жойларни олиш учун аукционда иштирок этиш керак экан. 2019 йил 9 апрель куни аукцион бўлиб ўтди. 10 апрель куни пулларини тўладим ва ғолиблик баённомаси чиқди. Аммо баённомани ҳоким қарори чиқса, кейин берилади деб қўлимга беришмади. Ғолиблик баённомаси ҳокимиятда сақланяпти. Ҳозирги кунга қадар унинг аслини бизга беришгани йўқ.
Ҳадеганда еримни ололмаганим сабабли, онлайн аукцион марказига қўнғироқ қилдим. Улар менга аукционда ютсам, ҳокимиятга боришим шарт эмаслигини айтишди. Кадастр ва архитектура келиб қозиқларни қоқиб бериши керак экан. Уларга жуда кўп марта учрадим. Улар менга ҳоким қарори чиқиши кераклигини айтишди”, дейди корхона директори Адҳам Шоматов.
Бизга тадбиркор аукционда ютган бўлса ҳам ҳоким қарори чиқишини кутиши шарт эканлиги қизиқ туюлди. Қўлимизга Марҳамат туман ҳокимининг қарори келиб тушди. Аукционда тадбиркор 9 апрелда ютган, қарор эса 2019 йил 23 июлида чиқариб берилган.
“Ҳоким қароридан кадастр ва архитекторга бир нусхадан бердим. Улар келиб ўлчайман деганда, туман ҳокими тўхтатяпти. “Ер биноси билан биргаликда бошқа тадбиркорга берилган. Мен бошқа жойдан ер қилиб бераман”, деб айтяпти. Бизга ҳоким айтган жойлардан ер керакмас. У жойлар жуда чекка жойда бўлганлиги учун ишлаб чиқаришга тўғри келмайди. Қўлимда 8 киши ишлайди. У жойларда электр ҳам йўқ. Мен қандай ишлаб чиқариш қиламан. Ҳозир мен ютиб олган бинони “биз олдик” деб бошқа тадбиркор менга чиқяпти”, дея норози бўлмоқда тадбиркор.
Ҳоким билан суҳбат
Биз ҳолатни эшитганимиздан сўнг, Марҳамат тумани ҳокими Шуҳратбек Қамчиевга қўнғироқ қилдик. Ҳоким бизга қизиқ гапларни айтиб, ҳайрон қолдирди.
“Менинг ҳамма корхоналар ёдимда турмайди. Ҳолатни ўрганиб, кейин айтамиз. Менга учрамаган шекилли. У ютганми, хужжатларини олиб келганми, буларнинг барчасини ўрганиш керак. Бўлмаса биз аукционда ютган жойга 3 кунда қарор чиқариб берамиз-ку. Ҳолатни яхшилаб ўрганайлик, сўнг айтамиз.
Менга мурожаат қилган экан-ми, олдимга келган-ми? Келмаган-да. Келган бўлса, қарори 3 кунда чиқади. Қандай келмайди? Аукционда ютади-ю, келмайдими? Аукционда ютган тақдирда ҳам, мен қарор чиқариб беришим керак-ку. Ўрганиб жавобини айтамиз”, дейди туман ҳокими Шуҳратбек Қамчиев телефон суҳбатида.
Шуни алоҳида таъкидламоқчимиз-ки, ушбу қўнғироқ аудиоёзуви таҳририятда мавжуд.
Қизиқ ҳолатлар?
Ушбу мурожаатни ўрганиш давомида бир неча ҳолатлар бизга қизиқ туюлди.
Нега аукционда ютган тадбиркор ҳоким қарорини кутиши керак? Агар ҳоким айтганидек, аукционда ютган тадбиркорга 3 кунда ҳоким қарори чиқариб берилса, нега ғолиблик баённомаси 10 апрелда чиқди-ю, ҳоким қарори 23 июль куни?
Туман ҳокими “улар менга мурожаат қилишмаган, бўлмаса ҳал қилардик-ку”, деб айтди. Наҳотки, аукционда ер ютиб олган, қўлида ишчилари бор, катта компаниялар билан шартномалари бўлган тадбиркор 8 ой бўляптики ҳоким олдига бормаган бўлса?
Мурожаатчи айтганидек, аукционда ютганлигига қарамай, ҳокимнинг бошқа жойдан ер қилиб бериш таклифига қандай тушуниш мумкин?
Бу саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда. Импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Автомобиллар эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорга тез орада ғолиб бўлган мулки берилишига умид қиламиз.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь