Мамлакатнинг энерго мустақиллигини таъминлаш учун барча манбалардан фойдаланиляпти – Президент Администрацияси
Жамият
−
17 Март 2023
4798“Катта Андижон” каналида 23 Мегаваттли 3 та ҳамда Тўпаланг дарёсида 16 Мегаваттли битта ГЭС қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 17 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича вазифалар ижросига бағишланган йиғилишда сўз борган.
Президент Матбуот хизматининг ёзишича, мамлакатнинг энергетика мустақиллигини таъминлаш мақсадида барча манбалардан фойдаланилмоқда. Жумладан, бунда гидроэнергетика салоҳияти катта ўринга эга. Яна бир муҳим томони, бундай станцияларда куну тун барқарор энергия олиш мумкин.
“Сўнгги йилларда 15 та янги гидро электр станция ишга туширилгани, 12 таси модернизация қилингани натижасида қўшимча 260 Мегаваттли қувватлар яратилди. Бугунги кунда гидроэнергетика қувватлари 2,1 минг Мегаваттга етиб, йилига 6,5 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқарилмоқда.
Шу билан бирга, гидроэнергия қувватларини 1 минг Мегаваттга ошириш, хусусий сектор иштирокида 38 Мегаваттли 58 та микро ГЭС қуриш имконияти ҳисоб-китоб қилинган”, дейилади хабарда.
Йиғилишда шу борада амалга ошираётган ишлар тўғрисида ҳисобот берилган. Бу йил “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан камида 7 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқарилиши маълум қилинган.
Мутасаддиларга Пском, Норин, Тўпаланг дарёларида аниқланган майдонларда 36 та ўрта ва йирик гидро электр станцияларни лойиҳалаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.
Қайд этилишича, хусусий сектор иштирокида 9 Мегаваттли 26 та микро ГЭС барпо этилади.
“Катта Андижон” каналида 23 Мегаваттли 3 та ҳамда Тўпаланг дарёсида 16 Мегаваттли битта ГЭС қуриш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган.
Жорий йилда тадбиркорлар, ижтимоий соҳа ва аҳоли хонадонларида 1,7 минг Мегаватт қуёш панеллари ўрнатилиши режалаштирилган. Вилоятларда бу бўйича фаол иш бошланган.
Хусусан, қисқа вақтда ижтимоий соҳада 62 Мегаватт, тадбиркорлар томонидан 23 Мегаватт, аҳоли хонадонларида 20 Мегаватт қуёш панеллари ўрнатилгани қайд этилган.
Йиғилишда бу борадаги ишларни жадаллаштириш, “яшил энергия”ни ривожлантириш бўйича тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланган.
LiveБарчаси