Мамлакатни бузишга йўл қўймайман – Лукашенко ташқи кучлар ҳақида кескин гапирди
Олам
−
19 Июнь 2020
6334Беларусь ҳукумати ташқи кучлар иштирок этган мамлакатни беқарорлаштиришнинг кенг миқёсли режасини чипакка чиқарди. Бу ҳақда бугун, 19 июнь куни Президент Александр Лукашенко банк тизими ишига бағишланган йиғилишда айтиб ўтди.
"Биз Беларуснинг беқарорлаштирувчи ва мамлакатни “майдан”га айлантиришни мақсад қилган режаларни бузиш учун бир неча қадам ташладик. Мақсад шу эди. Нафақат бу ерда ўтирган қўғирчоқларнинг, балки ташқарида турган қўғирчоқбозларнинг ҳам ниқоби йиртилди”, деди Лукашенко.
Беларусь Президентининг сўзларига кўра, "бугунги кунда барча сиёсий манфаатлар диққат марказида Беларусь ҳам Ғарб, ҳам Шарқ сифатида турибди”.
"Ўтган кун давомида вазиятни кузатар эканман, баъзи кучларнинг кучайганини кўраяпман. Улар кучайиб, мамлакатдаги вазиятни ўзгартирмоқда. Биз буни узоқ вақтдан бери кузатмоқдамиз", деди Лукашенко.
У мамлакатдаги вазиятни издан чиқаришга йўл қўймаслигини таъкидлади. "Президент ва бутун ҳаётини ушбу мустақил суверен давлатни яратишга бағишлаган одам сифатида, мен ҳеч кимнинг бу мамлакатни бузишига йўл қўймайман. Сиз ва бошқалар мени тушунишларини истайман. Мен учун Беларусдан буюкроқ нарса йўқ”, деди Лукашенко.
11 июнь куни Республика Давлат назорати қўмитасининг (ДНҚ) Молия-қидирув бошқармаси “Белгазпромбанк”да ўтказилган тинтувдан сўнг 243-модданинг 2-қисми ("Катта миқдорда солиқ тўлашдан бўйин товлаш") ва 235-моддаси 2-қисми ("Жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш") бўйича жиноий иш қўзғатди.
18 июнь куни ДНҚнинг хабар беришича, “Белгазпромбанк”нинг собиқ раҳбари ва Беларусь Президентлигига номзод Виктор Бабарико ноқонуний фаолият олиб борганлиги сабабли ҳибсга олинган. Виктор Бабарико билан бирга унинг сайловолди штабини бошқараётган ўғли Эдуард ДНҚ қамоқхонасига жўнатилди.
“Белгазпромбанк” ишида жами 20 киши ҳибсга олинди. 19 июнь куни Беларусь Бош прокурори Жиноят кодексининг "Жиноий ташкилот тузиш ёки унда иштирок этиш" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. Судланувчилар 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Маълумот учун, Беларусда президентлик сайлови жорий йилнинг 9 август кунига белгиланган.
LiveБарчаси