Малайзияда ўлимга ҳукм қилинган ўзбекистонликлар тирик – ТИВ
3-саҳифа
−
17:22 2467 2 дақиқа
Аввалроқ, Малайзияга саёҳатга борган 3 нафар ўзбекистонлик ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, улар тирик ва жазо муддатини ўтамоқда. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев маълум қилди.
Қайд этилишича, 2010 йил сентябрь ойида Ўзбекистон фуқаролари Н.С., Н.Д. ва Ж.Ж. Куала-Лумпур халқаро аэропортида 12 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситаларини олиб ўтишга уринишда Малайзия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қўлга олинган. Кейинчалик Малайзия суди томонидан уларга нисбатан ўлим жазоси тайинланган.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан 2013, 2014, 2016 ва 2020 йилларда Малайзия Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Олий суди ҳамда мамлакат Қироли номига уларни афв этиш тўғрисида бир неча бор расмий мурожаатлар киритилган. 2018 йилда Малайзияда ўлим жазосини ижро этишга мораторий жорий этилган. Кейинчалик, 2024 йил 18 март куни кучга кирган “Ўлим ва умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоларини олган шахсларнинг ишларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида”ги қонун асосида Малайзия Олий суди мазкур уч нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан чиқарилган аввалги ўлим жазосини 30 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирган.
Малайзия қонунчилигига мувофиқ, жазони ижро этиш тартиби ва яхши хулқ-атвор учун назарда тутилган имтиёзлар инобатга олинганда, ушбу фуқароларнинг жазо муддати 2030 йилда якунланиши кутилмоқда. Ҳозирги вақтда улар Малайзиянинг Селангор штатидаги Кажанг қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда.
“Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Элчихонаси томонидан улар билан мунтазам консуллик учрашувлари ўтказилиб, зарур консуллик-ҳуқуқий кўмак кўрсатиб келинмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли чораларни бундан буён ҳам давом эттиради”, дейди Омонулла Файзиев.
Live
Барчаси