Мальдивда қийин аҳволда қолган ўзбекистонлик ортга қайтарилди
Олам
−
17 Март 1963 2 дақиқа
Мальдив оролларида меҳнат фаолиятини амалга ошириш давомида қийин аҳволда қолган фуқаро жорий йилнинг 15 март куни ортга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси (унинг консуллик округига Мальдив Республикаси ҳам киради) томонидан У.Ш. исмли фуқарони ортга қайтариш жараёнини муваффақиятли якунлаган. Дипломатик ваколатхонанинг тезкор ҳаракатлари натижасида фуқарога барча зарур бўлган консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилган. Хусусан, дипломатлар фуқаронинг ҳуқуқий мақомини тартибга солиш ва унинг Мальдив оролларидан чиқиб кетишини ташкил этиш мақсадида маҳаллий ваколатли органлар билан музокаралар олиб борган.
Шу муносабат билан элчихона чет элда (жумладан, Ҳиндистон ва Мальдив оролларида) меҳнат фаолиятини режалаштираётган ёки амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларини қуйидаги қоидаларга қатъий риоя қилишга чақирмоқда:
- меҳнат фаолиятини фақат расмий меҳнат шартномаси ва тегишли ишчи визаси асосида амалга ошириш;
- мамлакатнинг меҳнат қонунчилиги ва бошқа қоидалари билан олдиндан танишиб чиқиш;
- хорижий давлатга етиб боргач, консуллик рўйхатига туриш (бу фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатишни сезиларли даражада осонлаштиради);
- паспорт ва бошқа шахсий ҳужжатларнинг асл нусхаларини иш берувчиларга ёки учинчи шахсларга “сақлаш учун” топширмаслик.
“Элчихона фавқулодда вазиятлар юзага келган, шахсий ҳуқуқлар бузилган ёки маслаҳат олиш зарур бўлган ҳолларда мамлакатимизнинг Деҳлидаги дипломатик миссияси Консуллик бўлимига зудлик билан мурожаат қилишни сўрайди”, дейилади экчихона хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси Россиядан ортга қайтарилганди.
Live
Барчаси