Мактабларни 11 йилда камида бир марта мажбурий аттестациядан ўтказиш йўлга қўйилади

Жамият

image

Ўзбекистонда мактабларни ҳар 11 йилда камида бир марта мажбурий тарзда аттестациядан ўтказиш тартибини йўлга қўйиш режалаштириляпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим ташкилотларини аттестация ва мониторингдан ўтказишни такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида белгиланмоқда.

Лойиҳада умумий ўрта таълим ташкилотларининг фаолиятини ички ва ташқи баҳолашдан ўтказишнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотларида таълим сифатини таъминлашнинг хавф-хатарлар таҳлилига асосланган мониторинг тизимини жорий этиш масаласи назарда тутилган.

Унга кўра:

а) умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳар 11 йилда камида бир марта мажбурий тарзда аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилади;

•    аттестация умумий ўрта таълим ташкилотларининг фаолиятини ички ва ташқи баҳолашдан иборат икки босқичда амалга оширилади.

•    фаолият юритаётган умумий ўрта таълим ташкилотлари – амалдаги аккредитация сертификатининг муддати тугагандан сўнг 11 йил муддатга аккредитациядан ўтказилади;

•    умумий ўрта таълим ташкилотларига ихтиёрий равишда шартнома асосида муддатидан олдин аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтиш имконияти берилади.

б) хавф-хатар таҳлили асосида фаолият самарадорлиги даражаси паст бўлган умумий ўрта таълим ташкилотлари аниқланади;

•    таълим ташкилоти фаолиятини “йўл харитаси” асосида ривожлантириш имконияти берилади;

•    белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида ва лозим даражада бажарилиши учун умумий ўрта таълим ташкилотига туман (шаҳар) ҳокимликлари ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари кўмаклашадилар.

Мазкур лойиҳа қуйидаги мақсадларга йўналтирилган:

•    умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини баҳолаш мезонларини соддалаштириш;

•    умумий ўрта таълим ташкилотлари аттестацияси ва давлат аккредитацияси жараёнларини рақамлаштириш;

•    умумий ўрта таълим ташкилотларида таълим сифатини таъминлашнинг хавф-хатарлар таҳлилига асосланган мониторинг тизимини жорий этиш;

•    умумий ўрта таълим ташкилотларининг фаолиятидаги мавжуд муаммолар ва камчиликларни эрта аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўришда ҳудудий ҳокимликлар ва таълимни бошқариш органларининг вазифаларини белгилаш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим ташкилотларини аттестация ва мониторингдан ўтказишни такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси доирасида умумий ўрта таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш жараёнига жалб этиладиган экспертлар меҳнатига ҳақ тўлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан қарийб 300 млн сўм қўшимча сарф-харажатлар талаб этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг