Мактабларда коронавирус ҳақида диктант ёздирилмоқда
Жамият
−
03 Февраль 2020
4926Ўзбекистондаги мактабларда ўқувчиларга коронавирус ҳақида диктант ёздиримоқда. Бу хабарни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасдиқлади.
Вазирликдан қайд этишларича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, касалликнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Аҳолини коронавирус касаллигидан муҳофаза қилиш учун тавсиялар ишлаб чиқилган. Мазкур тавсияларни ёш авлодга содда тилда етказиш мақсадида мактабларда диктант ёзиш тадбирлари ташкил этилган.
“Диктант ёзиш давомида ўқувчилар коронавирус юқиш йўллари ва унинг тарқалишини олдини олиш бўйича амалга оширилиши керак бўлган чоралар ҳақида маълумотлар олади. Жумладан, болаларга мунтазам қўл ювиш ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш кераклиги уқтирилмоқда”, дейилади хабарда.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.
LiveБарчаси