Мактабда ўзбекона урф-одатларга зид рақсга тушган қизларнинг ота-онасига тайинланган жарима бекор қилинди
3-саҳифа
−
03 Октябрь 2022
171292Навоий вилоятининг Кармана тумани касб-ҳунар мактабининг фаоллар залида байрамга тайёргарлик жараёнида вояга етмаган ўқувчи қизларнинг рақсга тушгани видеоси тарқалганди. Мазкур видео ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгач, ўзбек миллатига муносиб бўлмаган, ўзбекона урф-одатларга тўғри келмайдиган рақсга тушгани учун қизларнинг ота-онасига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-модда 1-қисми билан жарима жазоси тайинланганди.
Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур видеоролик юзасидан Навоий вилоят Адлия бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади (МЖтК, 10-модда).
Шунингдек, МЖтКнинг 47-моддасида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши белгиланган тартибда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу видеороликдаги ҳатти-ҳаракатлар, хусусан, алоҳида бир ҳолатда қизлар даврасида рақс тушилиши “ота-оналарнинг болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслиги” деб нотўғри ҳуқуқий квалификация қилинган, яъни мазкур ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд эмас.
Вояга етмаган ўқувчи қизларнинг рақс услублари Ўзбекистон жамиятидаги умумтарқалган маънавий қадриятларга тўла мос келмаслиги мумкин, лекин инсонларнинг аҳлоқий ўлчамлари ва қарашлари қонунлар билан белгиланган нормалардан нотўғри фойдаланишга, айниқса жавобгарликка тортишга олиб келмаслиги лозим”, дейилади Адлия бошқармаси муносабатида.
Қонунчиликда қайси ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун жавобгарлик келиб чиқиши, аниқ белгилаб қўйилгани боис, ота-оналарга қўлланилган жарима бекор қилинган.
LiveБарчаси