Мактабда 13 кишини ўлдирган жиноятчининг шахси аниқланди
Олам
−
26 Сентябрь 2022
23061Терговчилар Россиянинг Ижевск шаҳридаги мактабга ҳужум қилган шахсни аниқлашди – бу 34 ёшли маҳаллий фуқаро, шу мактаб битирувчиси. Унинг нацистлар мафкураси тарафдори эканлиги текширилмоқда, деб хабар қилди бугун, 26 сентябрь куни Тергов қўмитаси матбуот хизмати.
“Тергов қўмитаси терговчилари Ижевскдаги мактабга ҳужум қилган шахсни аниқлади. Бу Артем Казанцев, 1988 йилда Ижевск шаҳрида туғилган, ушбу мактаб битирувчиси”, дейилади хабарда.
Унинг неофашистик қарашлар ва нацистлар мафкурасига алоқадорлиги текширилмоқда. Ҳозирда терговчилар унинг яшаш жойида тинтув ўтказмоқда. Шунингдек, улар тажовузкорнинг кимлигини, унинг қарашлари ва яқинларини ўрганадилар.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 26 сентябрь куни эрталаб номаълум шахс Ижевскдаги 88-мактабда ўқ узди, шундан сўнг у ўз жонига қасд қилди. 13 киши жиноят қурбони бўлди, жумладан, 7 нафар бола. 21 киши жабрланган, улардан 14 нафари болалар. Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, эркак нацистлар рамзлари туширилган қора футболка ва балаклава кийган. Қўмита ҳодиса бўйича жиноий иш очди.