Максим Галкин Россияда “хорижий агент” деб эълон қилинди

Маданият-санъат 12760
image

Кеча, 16 сентябрь куни россиялик таниқли телебошловчи ва сўз устаси Максим Галкин Россия Адлия вазирлигининг Хорижий агент сифатида фаолият юритувчи жисмоний шахслар реестрига киритилди. Ҳужжатда ижодкорнинг хорижий молиялаштириш манбаи сифатида Украина кўрсатилган.

Галкин февраль ойи охирида Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан турмуш ўртоғи Алла Пугачёва ва фарзандлари билан Исроилга кўчиб ўтган ва концертларида урушни кескин танқид қилган эди. Шунингдек, Галкин ижтимоий тармоқларда ҳеч қандай урушни, ҳеч қанақасига оқлаб бўлмаслиги ҳақида ёзган. Кейинроқ у оиласи билан бир муддат Латвияда яшади. Сентябрь ойида Алла Пугачёва фарзандлари билан Россияга қайтган бўлса-да Максим Галкин бошқа давлатларга гастроль сафарларини давом эттирмоқда.

4 сентябрь куни журналистлар Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковдан уруш бошланганидан кейин мамлакатни тарк этган ва ҳозир ортга қайтаётган ижодкорларга муносабати ҳақида сўрашган, Песков Галкин мавзусига ҳам тўхталиб ўтган.

“Мен Пугачеванинг Россияга қарши бирорта ҳам салбий баёнотини эшитмадим. Аммо унинг эри ёмон сўзларни айтди, биз у билан бошқа-бошқа йўлдамиз”, деган Песков.

Максим Галкин жорий йил давомида Туркия, Буюк Британия, Финландия, Польша, Эстония, Австралия ва Янги-Зеландия саҳналарида концертлар берди. Қолаверса, у 2022 йилнинг сўнгига қадар Чехия, Испания, Молдова, Грузия ва Литвада концерт бериши маълум қилинган.

Маълумот ўрнида, Максим Галкин Россия Адлия вазирлигининг хорижий агент сифатида фаолият юритувчи жисмоний шахслар реестрида 23-рақам билан қайд этилди. “Сиёсий фаолиятни амалга ошириш”да айбланган шахслар рўйхатида Галкиндан ташқари шахматчи Гарри Каспаров, рэппер Моргенштерн, журналист Дмитрий Гордон каби таниқли шахслар бор

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 555
Рейтинг: 3
t
×