Макрон, Шольц ва Драги Киевга нега келгани маълум бўлди
Олам
−
16 Июнь 2022
15522Бугун Киевга келган Франция Президенти Эммануэль Макрон, Германия канцлери Олаф Шольц ва Италия Бош вазири Марио Драги Украинани Россия агрессиясига қарши курашда қўллаб-қувватлашларини намойиш этиш ниятида. Бу ҳақда “Reuters” ёзмоқда.
Хабарларга кўра, қўшма ташрифни ташкиллаштириш бир неча ҳафта давом этган. Европа Иттифоқининг уч мамлакати етакчилари Россия Федерациясининг кенг кўламли босқинига муносабати учун Украинадаги танқидларни енгиб ўтиш ниятида.
“Бу муҳим лаҳза. Бу биз украиналикларга юбораётган бирдамлик белгисидир”, дейди Макрон Киевга етиб келгач.
Елисей саройи вакили ташриф нега айнан ҳозир бўлаётганига жавоб берар экан, буни Европа Иттифоқи саммити олдидан амалга ошириш яхшироқ бўлишини айтди. Унда Киевнинг аъзолик ҳақидаги аризаси муҳокама қилинади. Эртага, 17 июнь куни бу масала бўйича қарор Европа Комиссияси томонидан эълон қилиниши керак.
“Биз европаликлар Украина ва унинг халқи қаҳрамонона қаршилик кўрсатса, уларга аниқ сиёсий сигналлар юборишимиз керак бўлган нуқтага келдик”, дейди Макрон маъмуриятининг номини ошкор этмаган расмийси.
Ўз навбатида, 14 июнь куни Драги Россия билан "имкон қадар тезроқ" музокараларни бошлаш зарурлигини эълон қилди. Шу билан бирга, у Украина мақбул деб ҳисоблаган шартларда бўлиши кераклигини қўшимча қилган.
ОАВ маълумотларига кўра, Президент Владимир Зеленский уч етакчи билан учрашувда уларни Украина қуролли кучлари рус босқинчиларига қарши туришда ёрдам бериш учун кўпроқ қурол юборишга ундайди.
Шу билан бирга, Украина Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси Виктор Андрусивнинг ёзишича, Макрон, Шольц ва Драги Украинага Европа Иттифоқига номзод ва Путин билан музокара жараёнига қайтиш сўровини олиб келишмоқда.
LiveБарчаси