Макрон болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи

Олам

image

Франция Президенти Эммануэль Макрон 15 ёшдан кичик болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш кераклигини айтди. Бу ҳақда у “Le Figaro” хабар берди.

Давлат раҳбари мамлакатнинг Ножан-сюр-Марн шаҳридаги мактаблардан бирида содир бўлган пичоқбозликни изоҳлар экан, шундай қарорга келганини билдирган. Унга кўра, болалар ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли видеолар оқимига тушиб қолиб, шундай ваҳшийликлар содир этмоқда. 

Макроннинг фикрича, Европа Иттифоқи бир неча ой ичида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашга қаратилган қарор қабул қилиши лозим. Президентнинг сўзларига кўра, агар Европа Иттифоқи бундай қарорни қабул қилмаса, Франция бу чорани мустақил равишда жорий этади.

“Акс ҳолда, биз буни Францияда амалга оширамиз. Биз кутиб ўтира олмаймиз”, деган мамлакат Президенти.

Маълумот учун, жорий йилнинг 10 июнь куни эрталаб Франциянинг Ножан-сюр-Марн шаҳрида 14 ёшли ўқувчи мактабга киришда сумкаларни текшириш пайтида мактаб ходимасига пичоқ билан ҳужум қилган. Аёл олган жароҳатларидан бир неча соат ўтиб, вафот этган. Полиция ходимлари ҳужумчига дарҳол қарши чоралар кўрган. Ҳодиса пайтида полициячилардан бири енгил пичоқланган. Ҳужум сабабларига оид маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Францияда келаси ўқув йилидан бошлаб барча ўрта мактаб ўқувчиларига бутун ўқув куни давомида мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг