Маккага кучли тўфон ёпирилди (видео)
Жамият
−
23 Август 2023
31381Кеча, 22 август куни Саудия Арабистонида ёғингарчилик ортидан кучли тўфон ёпирилди. Бу ҳақда “Gulf news” хабар берди.
Қайд этилишича, кучли ёғингарчилик тўфонларни келтириб чиқариши ортидан кўплаб ҳудудларни сув босган. Мадина, Макка, Асир, Жазан ва Ал-Баҳа каби ҳудудларда кучли момақалдироқ кузатилган. Шарқдан эсган шамол бутун мамлакат бўйлаб катта талофатларга сабаб бўлган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда кўриш мумкинки, кучли шамол пластик буюмларни учириб юборган. Макка масжидидаги Умра зиёратчиларининг ҳаракатига ҳам таҳдид солган. Жидданинг шимоли-шарқидаги Асфан йўлида шамол ва кучли ёмғир туфайли электр устунлари қулаган.
Биргина Макка шаҳрида кучли момақалдироқли жараёнлар ҳамда яшин уриши ҳодисалари рўй берган. Макка шаҳридан 10 км узоқликда жойлашган "Мина" кузатув метеорологик станциясида жуда қисқа вақт ичида 17 мм ёғин тушган. Макка шаҳридаги кузатув станцияси маълумотларини олишнинг иложи бўлмаган.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳдовнинг сўзларига кўра, шу кунларда дунё бўйлаб турли табиат ҳодисалари билан боғлиқ катаклизмлар ортиб кетган.
“Чилида жуда кучли ёғинлар ортидан, сув тошқини, сув босишлар, Канада ва ороллар тўплами Гавайида кузатувлар тарихидаги мисли кўрилмаган ўрмон ёнғинлари, Ҳиллари тўфонининг Калифорния ва Мексика ҳудудларига ёпирилиши, турли минтақаларда аномал иссиқликлар кузатиляпти. Жанубий ярим шарда совуқ давр бўлишига қарамай, ЖАР, Австралия шимоли, Аргентина, Боливияда мавсумга хос бўлмаган ғайритабиий иссиқлик юз бермоқда”, дейди у.
LiveБарчаси