Макеевкада камида 11 нафар рус аскари ўлдирилган (видео)
Олам
−
21 Ноябрь 2022
10932Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда тарқалган бир қатор видеолар Украина Қуролли кучлари рус аскарларини қўлга олишга уриниб, ҳарбий жиноятлар содир этаяптими, деган баҳс-мунозараларни пайдо қилди. Видео тасвирларда камида 11 нафар россиялик жангчи яқин масофадан отилган ўқ туфайли вафот этгани кўринади. Бу ҳақда “Тhe New York Times” газетаси хабар берди.
Нашр томонидан тасдиқланган тасвир урушнинг даҳшатли лаҳзаларига ўзига хос изоҳ беради. Бироқ бу рус аскарлари қандай ва нима учун ўлдирилганини кўрсатмайди. Охир-оқибат бу тасвирлар икки томон ҳам юрак ва онг учун курашда фойдаланадиган жумбоқни қолдирди.
Қайд этилишича, ушбу видеолар Украина ижтимоий тармоқларида тарқалган. Видеолар Украина аскарларининг ҳарбий жасоратларини мақташ ва Россия бой берган ҳудудларни қаҳрамонлик билан қайтариб олганларини эълон қилиш учун ишлатилган.
Аммо бу видеолар Россияда урушнинг тарафдори бўлган шарҳловчиларнинг ғазабига учради ва улар мамлакатни халқаро терговга ундаган.
Москва ва Киев худди шу эпизод учун бир-бирини уруш жиноятларини содир этганликда айбламоқда. Россия украин кучларини қуролсиз рус ҳарбий асирларини шафқатсизларча отиб ташлагани иддао қилмоқда. Украина эса рус аскарлари таслим бўлиш чоғида ўт очганини айтмоқда.
Манбага кўра, Россия жорий йилнинг февраль ойида Украинага бостириб кирганидан бери икки томон бир-бирини ҳарбий жиноятларда айблаб келади. Бироқ Россиянинг жиноятлари Украина айблаётганларидан ҳам кўп бўлиши мумкин.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса бу воқеа текширилиши кераклигини айтган. Яъни асирларни судсиз ўлимга ҳукм қилиш ҳақидаги иддаолар зудлик билан текширилиши ва айбдорлар жазога тортилиши лозим.
Газетанинг хулосасига кўра, ушбу тасвирлар жорий йилнинг 12 ноябрь куни украин Теlegram каналларида тарқатилган. Қотилликлар Луганск вилоятининг Макеевка қишлоғида содир бўлган. Бу видеолар сунъий йўлдош тасвирлар орқали ҳам айнан Макеевкада содир бўлгани тасдиқлаган.
LiveБарчаси