Мақсуд Шайхзода ҳақида фильм суратга олинади
Маданият-санъат
−
29 Январь
5858Ўзбекистон ва Озарбайжон киноижодкорлари ҳамкорликда Мақсуд Шайхзода ҳақида фильм суратга олади. Бу ҳақда Кинематография агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Унга кўра, шу кунларда Озарбайжонда бўлиб ўтаётган “Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари”да Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги ва Озарбайжон Кинематография агентлиги ўртасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ёзувчи, драматург, Мақсуд Шайхзода ҳақида фильм яратиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Меморандум Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов ва Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги кинематография агентлиги директори Ўрхан Фикрет ўғли томонидан имзоланган.
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йилда мамлакатимиз тарихий шахслари ҳаёти ва ижодига бағишланган 50 та лойиҳадан иборат "Тирик тарих" туркуми остида фильмлар яратиш ташаббусини илгари сурди. 7 йилга мўлжалланган дастур лойиҳасига киритилган фильмлардан бири “Мақсуд Шайхзода” қўшма кинолойиҳасидир. Ишонамизки, ушбу киномаҳсулотлар Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари қалбидан жой олади ва халқларимиз ўртасидаги умумий маданий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади”, деган Фирдавс Абдухолиқов.
Ўз навбатида Озарбайжон кинематография агентлиги директори Ўзбекистон киноижодкорлари билан ҳамкорликда ушбу фильмдан ташқари яна бошқа мавзуларда ҳам қўшма лойиҳалар ишлаш режаси борлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Токио-2020 Олимпиадаси ғолиби, ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалолов ҳақида “Енгилмас. Токиога йўл” фильми суратга олиниши ҳақида Кинематография агентлиги хабар берган эди.
LiveБарчаси