МАГАТЭ раҳбари Курскда ядровий ҳодиса юз бериши хавфидан огоҳлантирди
Олам
−
28 Август
4301Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) раҳбари Рафаэль Гросси Россиядаги Курск АЭСига ядровий ҳодиса хавфи билан боғлиқ ташрифини амалга оширди. Бу ҳақда “Росенергоатом” матбуот хизмати хабар берди.
Гроссининг сўзларига кўра, ташрифдан мақсад Курск атом электр станциясидаги вазиятни шахсан баҳолаш ва россиялик ҳамкасблари билан биргаликда мавжуд вазиятга қандайдир ечим топишдир.
“Менинг бу ерга келишим ҳозирда Курск шаҳри ва атом электр станциясига нисбатан ҳарбий амалиётлар олиб борилаётгани билан боғлиқ. Ҳозир бу ерда ядровий воқеа содир бўлиш хавфи бор”, дейди МАГАТЭ раҳбари.
Рафаэль Гроссининг таъкидлашича, станциянинг ишлаши нормал ҳолатга жуда яқин. У реактор хонасига, турбина хонасига, ускуналарни бошқариш хонасига ва ишлатилган ядро ёқилғисини сақлаш омборига ташриф буюрган.
“Бугун менга станция ҳудудида бир неча дрон ҳужумлари содир этилгани ҳақида айтиб беришди. Мен у ерда бўлганимда бу ҳужумлар изларини кўрдим. Умуман олганда, атом электр станциясидан бир неча километр узоқликда ҳарбий амалиётлар олиб борилаётгани хавфсизлик режими учун катта қўрқув ва хавотир уйғотади”, дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 27 август куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) раҳбари Рафаэл Гроссининг Курск атом электр станцияси жойлашган Курчатов шаҳрига ташриф буюргани хабар қилинганди.
LiveБарчаси