Мадуронинг ўғли отаси 18 кишилик умумий камерада ўтирганини айтди
Олам
−
14 Май 3653 2 дақиқа
Жорий йилнинг январь ойи бошида АҚШга ўғирлаб кетилган Венесуэланинг ағдарилган Президенти Николас Мадуро Нью-Йоркдаги “Metropolitan Detention Center” тергов ҳибсхонасида якка тартибдаги камерада эмас, балки 18 кишилик умумий камерада сақланмоқда. Бу ҳақда унинг ўғли Николас Мадуро Герра “Der Spiegel” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Кичик Мадуронинг сўзларига кўра, отаси дастлаб ёлғиз ўтирган, бироқ Пасха байрами арафасида уни умумий хонага ўтказишган. Мадуро ҳибсхонада мулоқот танқислигини сезмаяпти – унинг камерадошларининг ярми испан тилида гаплашади. Шунингдек, у ҳар куни уйига қўнғироқ қилиш имкониятига эга.
“Уни бошқа хонага ўтказишганидан бери ҳар куни кечки соат еттилар атрофида қўнғироқ қилади”, дейди Мадуро Герра.
Ўғилнинг айтишича, отаси бўш вақтида телевизор кўради, инглиз тилини ўрганади, Библия ҳамда Amazon орқали юбориладиган китобларни кўп ўқийди. Улар орасида Венесуэла Конституцияси, Симон Боливар асарлари, метафизикага оид қўлланмалар, Шекспир ва Эсхил асарлари бор. Мадуро, шунингдек, ўзининг 20 ёшли набираси (у санъат факультетида ўқийди) ўрганаётган адабиётларга ҳам қизиқиш билдирмоқда. Оиланинг асосий хавотири овқатланиш билан боғлиқ.
“Отам доим жуда тўғри овқатланарди: кўп сабзавотлар, кам шакар. Ҳозир эса у асосан углеводлар, қайта ишланган маҳсулотлар ва жуда кўп туз истеъмол қилмоқда”, дея нолиган Мадуро Герра.
Бундан ташқари, қўлга олиш пайтида америкалик аскарлар Мадуронинг тиззасини жароҳатлаган, бироқ ҳозирда оғриқ аввалгидек кучли эмас.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил январь ойи бошида АҚШ Венесуэлада ҳарбий операция ўтказган эди: атиги 2 соат 20 дақиқа ичида Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес “Delta Force” махсус бўлинмаси томонидан қўлга олиниб, Америкага олиб кетилган. Уларга нисбатан наркотерроризм, қурол-яроғни ноқонуний сақлаш ва гиёҳванд моддалар контрандаси бўйича айбловлар қўйилган.
Live
Барчаси