Маданият вазирлиги тизимидаги ўзига хос жиноий схема фош этилди

Жамият

image

Бугун, 7 ноябрь куни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бошчилигида коррупция ҳолатлари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Маданият, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, халқ таълими, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда Экология ва атроф - муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси тизими ҳам коррупциядан холи эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Маданият вазирлигининг айрим мансабдорлари ўзига хос жиноий схема яратишган.

Муқаддам ўғирлик ва талон - торожлик жиноятлари учун 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб чиққан И. 2019 йил февраль ойида вазирлик бош ҳисобчиси лавозимига тайинланган. Бюджетни ўмаришда қулай имкониятни қўлга киритган И. дастлаб ишни танишлари Ё. ва К билан жиноий режа тузишдан бошлайди.

Режага кўра, И. вазирлик харидларини фуқаро К. ва унинг яқинларига тегишли фирмаларга бериш учун 26 минг доллар улуш олади.

Шундан сўнг, вазирлик тизимидаги театр, маданият уйлари ва бошқа ташкилотларга зарур грим маҳсулотлари учун таниши К.га тегишли фирмаларга 2,6 млрд. сўм ўтказиб берилади.

Ўз навбатида, бу фирмалар грим ўрнига “Ўрикзор” бозоридан 264 млн. сўмга арзон ва сифатсиз косметика маҳсулотларини сотиб олиб, уни грим эканлиги ҳақида сохта ҳужжатларни тузиб, вазирликка топширади. 

Вазирлик эса, маданият муассасаларига умуман керак бўлмаган бу маҳсулотларни грим сифатида сохта ҳужжат қилиб, уларга етказиб беради.

Схемага кўра, маҳсулот нархи ҳужжатларда бир неча баробар қиммат кўрсатилиб, 2,3 млрд. сўм маблағ талон - торож қилинган.

Вазирлик ишлар бошқармаси бошлиғи О. театр ва мусиқий мактабларга аслида етказиб берилмаган мебель ва мусиқа анжомлари етказиб берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, 1,7 млрд. сўмни ўзига таниш фирмаларга ўтказиб, талон - тарож қилган.

Шунингдек, 13,5 млрд. сўмлик мебель ва жиҳозларни танишларидан 20,2 млрд. сўмга олиш йўли билан 6,7 млрд. сўм ҳам талон - торож қилинган.

Бу жиноий схема билан 12 млрд. сўм бюджет маблағи ўмарилган. Ҳозирда бу шахслар қамоққа олиниб, тергов ўтказилмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция прокуратура маданият

Баҳолаганлар

891

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг