Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Бухоро шаҳрига ҳоким бўлди
Жамият
−
05 Май 2021
6980Бугун, 5 май куни Бухоро шаҳар ҳокимлигида навбатдан ташқари сессия йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда вилоят фаоллари иштирок этган. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, кенгаш йиғилишида ташкилий масала кўриб чиқилди. 2020 йилдан шу пайтга қадар Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган Жамол Шуҳратович Носиров Бухоро шаҳар ҳокими лавозимига тайинланди.
Маълумот ўрнида, Жамол Носиров 1985 йил 12 июнда Бухоро шаҳрида таваллуд топган. 2005 йили Бухоро давлат университетининг жисмоний маданият ва жисмоний тарбия ўқитувчиси, психолог мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2008 йили эса университетнинг магистратурасини тугатган.
Бир муддат “Камолот” ЁИҲ Бухоро вилоят Кенгаши раиси лавозимида ҳам меҳнат қилган.
Шундан сўнг, 27-Жилвон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланган эди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг фракцияси аъзоси бўлган.
2017 йилдан 2020 йилга қадар Бухоро вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган Жамол Носиров бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод қилинганди.
Унинг ўрнига Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси раиси Баҳодир Ахмедов тайинланди.
Шунингдек, аввалроқ Ботиржон Шаҳриёров Бухоро вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари – Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланганди.