Маданий мерос объектларига ҳурматсизлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
Жамият
−
26 Август 2022
4269Ўзбекистонда маданий мерос объектларига ҳурматсизлик қилиш, таҳқирлаш, шикаст етказиш ва мазах қилиш учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 26 август куни Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни 64¹-модда билан тўлдириш масаласи кўриб чиқилган.
Модда билан моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш, яъни моддий маданий мерос объектларига ёзувлар ёзиш, расмлар чизиш йўли билан уларни таҳқирлаш ёки уларга шикаст етказиш, моддий маданий мерос объектларини, шу жумладан уларнинг тарихий, илмий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматига доғ туширувчи ёки уларни масхара қилувчи ҳаракатларни содир этиш, худди шунингдек моддий маданий мерос объектларига нисбатан жамоат тартибини бузувчи ҳаракатларни содир этганлик маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида қайд этилиб, жавобгарлик белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 168-моддасига ўзгартириш киритилиб, ахборот тизимидан, шу жумладан, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик жиноятларини содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Шунингдек, мажлисда “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, мазкур қонун билан юридик шахсларга электрон рақамли имзодан фойдаланиш имконияти яратилмоқда, шу билан бирга, давлат хизматлари кўрсатилишида халқаро электрон рақамли имзодан ҳамда Ўзбекистон Республикаси норезидентларига электрон рақамли имзодан фойдаланишга рухсат этилмоқда.
Сенаторлар, қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи ҳамда қонун ташаббускорлари билан бўлиб ўтган муҳокамалардан сўнг қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.
LiveБарчаси