Маъмурий қамоққа олинган шахс тор камерада сақланаётгани аниқланди
Жамият
−
06 Ноябрь 2023
11382Фарғонада маъмурий қамоққа олинган шахс 2,5 кв/м дан ҳам кичик камерада сақланаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакилига фуқаро Қ.Б. мурожаат қилиб, унда вилоятдаги маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонада сақланаётган акаси Х.Б.нинг шароитлари яхши эмаслигини билдирган.
Шундан сўнг мазкур мурожаат назоратга олиниб, ҳуқуқбузар Х.Б.нинг сақланиш шароитлари ўрганилган. Ўрганиш жараёнида у қонун талабларига зид равишда, 2,5 кв/м дан кам бўлган камерада сақланаётгани аниқланган.
“Шу куннинг ўзида Х.Б. бошқа камерага ўтқазилиб, мурожаат муаллифининг талаблари қаноатлантирилди. Шу билан бирга унга келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам етказилиши таъминланди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасида маъмурий қамоққа олинган шахсларга санитария ва гигиена нормаларига жавоб берадиган шароитлар яратилиши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, камералар етарлича табиий ва сунъий ёруғликка эга бўлиши, унда бир кишига тўғри келадиган майдоннинг нормаси камида 2,5 кв/м ни, аёллар учун эса камида 3 кв/м ни ташкил этиши керак.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь