Маълумотларни сохталаштирган солиқ мансабдорлари ушланди
3-саҳифа
−
24 Май 7588 2 дақиқа
Маълумотларни сохталаштирган солиқ идоралари мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати томонидан коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўйича олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлар доирасида солиқ идораларининг айрим мансабдор шахслари моддий манфаатдорлик эвазига “Барқарорлик рейтинги” дастуридаги маълумотларни сохталаштириш орқали 18 та хўжалик юритувчи субъектларга баҳоларни сунъий равишда қўшиш ҳамда хавф даражасини олиб ташлашлари оқибатида жами 82 млрд сўм қўшилган қиймат солиғининг манфий суммаси бюджетдан ноқонуний қайтарилгани ҳолати аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддалари (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жумладан, ушбу жиноят иши доирасида ёғоч импорти билан шуғулланувчи МЧЖ ҳисобига 5,5 млрд сўм ҚҚСнинг манфий суммаси бюджетдан ноқонуний қайтарилгани ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг 2 нафар ходими, шунингдек, МЧЖ директори ва ҳисобчиси ҳамда 2 нафар норасмий раҳбари гумонланувчи тариқасида терговга жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Мазкур шахсларга тегишли бўлган жами 16 та объектда ўтказилган тинтув-тергов ҳаракатлари давомида 79 минг АҚШ доллари, 161 млн сўм, 3 та LI 9 электромобиль, 2 та Gentra, 1 та Nexia 3 автомашинаси, 1268 блокда TEREA номли электрон сигарет таёқчалари, 27 та электрон калитлар, шунингдек, муҳр, компьютер ва телефон аппаратлари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Билдирилишича, жиноят иши доирасида қолган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ноқонуний ўзлаштирилган бюджет маблағлари бўйича ҳам тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилоятида солиқ инспектори, Қашқадарё вилоятида эса суд-экспертиза маркази ходими пора билан ушланганди.
Live
Барчаси