Маҳкумни тахтга олиб келган тун. Қирғизистондаги талотўпларга 1 йил тўлди 

Таҳлил 18058
image

Бундан бир йил аввал яъни 2020 йилнинг октябрь ойи Қирғизистонда мамлакат тақдирини ўзгартириб юборган сиёсий ҳодисалар юз берди. Парламент қуйи палатасига ўтказилган сайлов натижалари мухолиф партиялар томонидан тан олинмади. Бу эса оммавий намойишлар, сўнгра тартибсизликлар ва парламент биносининг “штурм” қилинишигача етиб борди. Бишкекни оёққа турғизган ҳаловатсиз тунлар мамлакат тарихида “Учинчи инқилоб” номи билан қолди. Қуйида Қирғизистонда юз берган 2020 йилги сиёсий инқироз ҳақида батафсил сўз юритамиз.

2020 йил 4 октябрь. Кун қорайгач Бишкекда салютлар отилди, осмон бир зумга ёришиб кетди. Марказий сайлов комиссияси раҳбари навбатдаги парламент сайловлари муваффақиятли ўтганини таъкидлади. Бироқ, айнан мана шу муваффақиятли сайлов бўлажак инқилобнинг бошланиши эди. Унинг натижаларига кўра, тўртта сиёсий партия 7 фоизлик барьердан ўтиб, парламентда ўз ўрнига эга бўлиш имконини қўлга киритди. Бундан норози бўлган мухолиф партияларнинг минглаб вакиллари 5 октябрь куни намойишга чиқди.  

“Ўз кўзингиз билан барчасини кўрдингизлар-ку, қандай қилиб овозларни сотиб олиш ва порахўрликка тўла бўлган сайлов натижаларини тан олиш мумкин?”, деган эди сайловда етарлича овоз тўплай олмаган “Қирғизистон социал-демократик партияси”дан номзод Ирина Карамушкина.

Оқ уйнинг қўлга олиниши

Бишкекнинг Ала-Тоо майдонида йиғилган 11 партиянинг тарафдорлари милиция билан тўқнашувга кира бошлади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари акция иштирокчиларига нисбатан куч ишлатишгача борди. Дастлаб, бу иш бергандек туюлди. Бироқ, мақсади Оқ уйга бостириб кириш бўлган намойишчилар қўли баланд келиб, 7 соат бардош берган ОМОН ҳимоясини ёриб ўтди, Оқ уй эгалланди. Вазият жиддийлашганини кўрган Ички ишлар вазири Қашқар Жунушалиев ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Орозбек Опумбаев ўз вазфасини ташлаб қочди. Қизиғи, уларнинг қаерда экани ҳалигача номаълум қолмоқда. 

Жапаровнинг қамоқдан озод қилиниши

6 октябрга ўтар тунда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) биноси намойишчилар томонидан қуршаб олинди. Бошлиқсиз қолган хавфсизлик ходимлари таслим бўлганига ишора қилган ҳолда қўлларини тепага қилиб, намойишчилар олдига чиқди ва халқ биланлигини таъкидлади. Шу тариқа МХДҚга қарашли колониядан собиқ депутат Садир Жапаров озод қилинди. У билан бирга собиқ Президент Алмазбек Атамбоев ва собиқ Бош вазир Сапар Исоқов ҳам хавсизлик қўмитаси қамоқхонасидан чиқиб келди.

Ўз ихтиёри билан вазифасидан кетганлар 

Бирин-кетин Оқ уй ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг намойишчилар қўлига ўтиши ҳамда Ички ишлар ва Миллий хавфсизлик раҳбарларининг ўз постини ташаб қочиши бутун мамлакатга таъсир қилди. Дастлаб, парламент раиси Достонбек Жумабеков истеъфога чиққан бўлса, унинг ортидан Бишкек мэри Азиз Суракматов ҳам истеъфо берди. Инқироз ортидан бошланган ушбу “анъана”ни Боткен, Норин, Талос ва Иссиқкул вилояти раҳбарлари давом эттирди. Энг қизиғи, кетиш қарорини уларнинг барчаси ўз ихтиёри билан қабул қилган. 

Қўшни Ўзбекистон хавотирда 

6 октябрь куниёқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон Республикаси парламентига ўтказилган сайловлардан кейин мамлакатда юз берган тартибсизларга нисбатан муносабат билдириб, баёнот эълон қилди. Унда расмий Тошкент Қирғизистондаги вазиятдан жиддий ташвишда эканини яширмаган.

“Қирғиз Республикасида юзага келган кескин вазият ва воқеалар ривожи Ўзбекистон Республикасида жиддий ташвиш уйғотмоқда. Ўзбекистон яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида қардош Қирғизистондаги вазиятнинг мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез орада барқарорлашувига умид қилади. 

Ҳозирги мураккаб вазиятда биз Ўзбекистонда кўп асрлик тарихий ва қариндошлик ришталари,  умумий маданий ҳамда маънавий қадриятлар билан мустаҳкам боғланган биродар Қирғизистон халқига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрмиз”, дейилганди баёнотда.

Президент Жээнбековнинг ўзи босим, расми эса оёқ остида қолди 

Оқ уй қулагач, талончилардан пойтахтни ҳимоя қилиш мақсадида “халқ қўриқчилари” тузилди. Айнан улар ўша вақтдаги Президент Жээнбековнинг жонига оро кирди. Гап шундаки, 6 октябрь куни намойишчилар Бишкек жанубида жойлашган Президент қароргоҳига бориб, Жээнбековдан истеъфо талаб қилишмоқчи бўлган. Ғазаб отига минган оламонни “халқ қўриқчилари” тўхтатиб қолган. Орадан бир кун ўтиб Жээнбеков ғойиб бўлди. 8 октябрь куни эса Президент Матбуот хизмати раҳбари Толгоной Стамалиева чиқиб, Жээнбеков истеъфога чиқмаслигини маълум қилди. Бироқ, якунда Жээнбеков барибир истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Бу ҳақда у 15 октябрда эълон қилди, бир кун ўтиб ушбу қарор мамлакат парламенти томонидан ҳам қабул қилинди. Шундай бўлса-да, Жээнбеков ўзида собиқ Президент мақомини сақлаб қолди. Бу унга пенсия олиш, дахлсизлик каби бир қатор имтиёзларни берди. У истеъфога чиқиш қарорини қуйидагича изоҳлаган эди:

“Мен учун ҳар бир ватандошимнинг ҳаётидан азизроқ нарса йўқ. Қирғизистон тарихида ўз фуқароларининг қонини тўккан ва уларни отган Президент сифатида қолишни хоҳламайман. Шунинг учун истеъфога чиқишга қарор қилдим. Жапаров ва бошқа сиёсатчиларни ўз тарафдорларини мамлакат пойтахтидан олиб чиқиб, Бишкек аҳолисига тинч ҳаётни қайтаришга чақираман. Мамлакатимиз яхлитлиги ва жамиятдаги уйғунликка ҳеч қандай ҳокимият муносиб эмас”.

Қамоқдан чиққан Жапаров дастлаб, Бош вазир сўнгра, Президентга айтланди 

Озод бўлган Жапаров эртаси куни яъни 7 октябрда ўзини Бош вазир, деб эълон қилгани ҳақида мамлакат бўйлаб хабарлар тарқалди. Бироқ, ушбу пост учун даъвогарлик қилаётган “Ота-макон” партиясидан бошқа бир кандидат Тилак Токтогазиев бунга қарши бўлди. Унинг таъкидлашича, мамлакат Бош вазирлигига Жапаров номзоди босим остида қолган депутатлар томонидан маъқулланган. Шу сабабли Тилак Токтогазиев буни ноқонуний деб, уни тан олишдан бош тортган. Бироқ, 10 октябрь куни мамлакат парламенти бир овоздан Садир Жапаров номзодини Бош вазирликка тасдиқлади. Жээнбеков истеъфо бергач, Президент ваколати парламент спикери Миктибек Абдилдаевга ўтиши керак эди. Лекин у ҳам, Миктибекдан сўнг парламент спикерига айланган Канат Исаев ҳам бундай масъулиятли вазифани ўз бўйнига олишдан бош тортди. Шу тариқа бутун ҳокимият қамоқдан чиққанига 10 кун тўлиб улгурмаган Жапаровга қолиб кетди. 

Жорий йилнинг 10 январь куни Қирғизистонда навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтди. Унда кутилганидек Садир Жапаров сайловчиларнинг қарийб 80 фоиз овозига эга чиқиб, ғалаба қозонди. Ўша куни мамлакатда конституциявий референдум ҳам ўтказилди. Унинг якунига кўра, Қирғизистон бошқарув тизими парламент республикасидан президентлик республикасига ўзгарди. Жорий йилнинг 28 январь кунига келиб Қирғизистоннинг сайланган Президенти Садир Жапаровнинг инаугурация маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг, у расман ўз вазифасига киришди.

Маълумот ўрнида, Қирғизистондаги биринчи инқилоб 2005 йилда содир бўлган ва у тарихда “Лола инқилоби” номи билан қолган. Бунинг ортидан мамлакатдаги сиёсий инқирозни қўлга ололмаган Аскар Акаев турмуш ўртоғи билан Россияга қочган. Қирғизистоннинг биринчи Президенти ҳали ҳам Россияда қолмоқда. Мамлакатдаги иккинчи инқилоб эса 2010 йилда Президент Курманбек Бакиевга қарши юз берган. Тарихда “Апрель инқилоби” номи билан қолган ушбу инқироз ортидан Бакиев истеъфо берган. 

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 503
Рейтинг: 3
t
×