Маҳкумларни жазони ўташ учун манзил-колонияга ўтказиш тартиби бекор қилинади

Жамият 7605
image

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаати ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 23 ва 30-бандларида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурати қуйидагилар билан изоҳланган:

биринчидан, жазони ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилларини кенг тадбиқ этиш;

иккинчидан, жазони ижро этиш тизими очиқлиги ва шаффофлиги устидан жамоатчилик назорати ролини ошириш;

учинчидан, маҳкумларни аҳлоқан қайта тарбиялаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ижтимоий-психологик ва тарбиявий иш самарадорлигини ошириш;

тўртинчидан, маҳкумларнинг ҳуқуқлари доирасини кенгайтириш
ва уларнинг озодликка чиққанидан сўнг нафақа таъминоти кафолатларини кучайтириш.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни, Жиноят, Жиноят-ижроия ва Солиқ кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутади. 

Жумладан:

биринчидан, маҳкумларни жазосини енгилроғи билан алмаштириш ёки жазодан шартли озод қилишга тақдим этувчи Инсонпарварлик комиссиясини ташкил этилиши, комиссия ваколатлари, асосий вазифалари, фаолияти
ва таркибини белгилаш;

иккинчидан, озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларни жазодан озод этилганидан сўнг пенсия таъминоти кафолатини кучайтириш мақсадида маҳкумларга ягона ижтимоий солиқни ҳар ойда ихтиёрий равишда тўлаб бориш ҳуқуқини тақдим этиш;

учинчидан, озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларни жазони ўташ учун манзил-колонияга ўтказиш тартибини бекор қилиш;

тўртинчидан, маҳкумлар жазосини енгилроғи билан алмаштириш тартибига ўзгартириш киритиш.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши:

биринчидан, халқаро стандарт ва илғор хорижий тажрибани миллий хусусиятлар ҳамда шароитни ҳисобга олган ҳолда жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигига имплементация қилиш орқали қонунчиликни янада такомиллаштирилишини;

иккинчидан,  жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигининг асосий тамойилларини мустаҳкамлаш, маҳкумларни аҳлоқан тузатишнинг таъсирчан механизмларини яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари доирасини кенгайтирилишини; 

учинчидан, жазони ижро этиш тизими очиқлиги ва шаффофлиги устидан жамоатчилик назорати ролини такомиллаштирилишини;

тўртинчидан, маҳкумларда қонунга итоаткор хулқни шакллантириш ва улар томонидан жиноятлар содир этилишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлиги ошишини таъминлайди.

Лойиҳанинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб қилмайди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 186
Рейтинг: 3.1
t
×