Маҳаллий авиа ва темир йўл қатнови тикланади
Жамият
−
12 Август 2020
7094Хабарингиз бор, бугун, 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирусга қарши кураш масаласида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда беморларни даволаш тартиби ва усуллари янгилангани, тез тиббий ёрдам хизмати кучайтирилгани таъкидланди.
“Охирги бир ойда барча ҳудудларда коронавирусни даволаш ўринлари ва нафас олишни енгиллаштирадиган аппаратлар сонини бир неча баробар кўпайтирдик. Натижада, республика бўйича коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи 59 фоиздан 75 фоизга ошди. Вирус юқтирган аҳоли сони 32 мингдан ошган бўлса-да, уларнинг 24 мингдан зиёди соғайди, 8 мингтасини даволаяпмиз”, деди давлат раҳбари.
Шунингдек, ҳар бир фуқаро соғлиғи ва ҳаёти учун курашни янада кучайтирган ҳолда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда аҳолининг яшаш шароитини енгиллаштириш мақсадида, карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш зарурлиги, аҳоли шуни хоҳлаётгани таъкидланди.
“Шуни ҳисобга олиб, биринчидан, 15 августдан маҳаллий авиа ва темир йўл қатнови учун рухсат бериш керак.
Санаторийлар, пансионатлар, меҳмонхоналар, музейлар, болалар оромгоҳлари, дала ҳовлини ижарага бериш, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, очиқ ҳавода хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш объектлари фаолиятини ҳам тиклаш зарур”, деди давлат раҳбари.
LiveБарчаси