Мьянманинг собиқ Бош вазири яна 3 йилга “кесилди”

Олам 2766
image

Мьянмада хунта назоратидаги суд ҳокимиятдан четлатилган де-факто бош вазир Аун Сан Су Чжини 2020 йилги сайловларда овозларни сохталаштиришда айблаб, қўшимча уч йиллик қамоқ ва мажбурий меҳнатга ҳукм қилди, деб хабар бермоқда бугун, 2 сентябрь куни маҳаллий ОАВ. Ағдарилган фуқаролик ҳукуматининг икки юқори мартабали аъзосига нисбатан ҳам худди шундай ҳукм чиқарилган.

Демократия учун Миллий Лига (ДМЛ) етакчиси ва 1991 йилги Тинчлик учун “Нобел” мукофоти совриндори 77 ёшли Су Чжи устидан суд жараёнлари ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда. У аввал коррупция, исён тайёрлаш ва пандемия чекловларини бузиш каби бошқа айблар бўйича 17 йилга қамалган эди. Сиёсатчининг ўзи барча айбловларни рад этиб, уларни бемаънилик деб атайди. Агар Су Чжи барча ҳолатларда айбдор деб топилса, у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Аввалроқ Аунг Сан Су Чжи тўртта коррупция иши бўйича олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Аун Сан Су Чжи Мьянмада яшовчи 1,4 миллиондан ортиқ Роҳинга мусулмонларини мамлакатдан чиқариб юборишга уриниш ва ҳатто уларнинг геноцидида ҳам айбланган эди. 

Унга нисбатан бундай айбловлар бир нечта нуфузли халқаро ҳуқуқ ташкилотлари томонидан олиб борилган суриштирувлар натижасида қўйилган. Оммавий қотилликлар ортидан, Аун Сан Су Чжи ўзига қўйилган барча айбловларни БМТ минбарида нутқ сўзлаб, оқлашга уринган.

Маълумот учун, “Сиёсий маҳбусларга ёрдам уюшмаси”га кўра, ўтган йил февраль ойида бошланган давлат тўнтариши даврида, мамлакат бўйлаб 10 600 киши ҳибсга олиниб, намойишга чиққанлар орасида 1 303 киши ўлдирилган.

Мьянмадаги ҳарбий тўнтариш

Мьянмада 2021 йил февраль ойида ҳарбий тўнтариш содир бўлди. Генераллар исённи Су Чжи партиясининг катта фарқ билан ғалаба қозонган 2020 йилги сайловлардаги қоидабузарликлар билан изоҳлади. Ҳарбийлар бу қонунбузарликлар ҳақида далиллар келтирмаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, Су Чжи сохта суднинг қурбони бўлган. Мутахассисларнинг фикрича, ҳарбий хунта ўтмишда аллақачон кўп йилларни уй қамоғида ўтказган сиёсатчининг овозини абадий ўчириш ниятида. 2022 йил июнь ойида Су Чжи уй қамоғидан пойтахт Нейпидодаги бир кишилик камерага ўтказилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 3.1
t
×