Мьянмада февраль бошидан буён 300 дан ортиқ одам ўлдирилди

Олам 2868
image

Мьянмада ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга олганидан бери намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувда 320 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Сиёсий маҳбусларга ёрдам уюшмаси” баёнотида сўз боради.

Маълум қилинишича, ҳуқуқ ҳимоячилари фақат ҳужжатлаштирилган ўлим ҳолатларини ҳисобга киритган. Қурбонларнинг ҳақиқий сони эса бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

Аввалроқ, Европа Иттифоқи ва АҚШ Мьянма Мудофаа вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигига қарши санкцияларни жорий қилган эди.

Ўз ўрнида, Россия Мудофаа вазирининг ўринбосари Александр Фомин бугун, 27 март куни Мьянма пойтахтида бўлиб ўтган мамлакат Қуролли Кучлари кунига бағишланган ҳарбий парадда қатнашган.

Мьянмада ҳокимиятни қўлга киритган ҳарбийлар раҳбари, мамлакат Қуролли кучлари қўмондони генерал Мин Аун Хлайн Фоминнинг парадда бўлишини мамнуният билан кутиб олиб, Россия содиқ дўст, дея таъкидлаган.

“Financial Times” нашрининг ёзишича, 26 март куни Фомин генерал Мин Аун Хлайн билан музокаралар ўтказган ва бир-бирига совғалар берган. Фомин Мьянмани Россиянинг Осиёдаги ишончли иттифоқчиси ва стратегик шериги, деб атаган.

27 март куни Мьянма пойтахтида бўлиб ўтган парадда яна етти мамлакат – Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Вьетнам, Лаос ва Таиланд вакиллари қатнашган.

Бошқа мамлакатлар эса ҳарбий кучларнинг ҳокимиятга давлат тўнтариши орқали келишини қоралаб, парадда қатнашишдан бош тортган.

Эслатиб ўтамиз, Мьянмада февраль ойининг бошларида ҳарбий тўнтариш юз берди. Шундан сўнг мамлакат Қуролли кучлари Бош қўмондони Мин Аун Хлайн қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларини ўз қўлига жамлади. Вице-президент Мьинт Шве Президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Ҳарбийлар бир йилга фавқулодда ҳолат эълон қилди ва Мьянма давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи, Президент Вин Мьина ва бошқа юқори лавозим амалдорларни сайловларни сохталаштиришда айблаб ҳибсга олди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 72
Рейтинг: 3
t
×