Мьянмада ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олди

Олам

image

Мьянма Қуролли кучлари мамлакат раҳбарини қўлга олгач, бир йил муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда “Xinhua” хабар берган.

“Reuters” агентлиги маълумотига кўра, ҳарбийлар ҳокимият Қуролли кучлар бош қўмондони Мин Аун Хлаин қўлига ўтишини эълон қилган.

Уларнинг сўзларига кўра, Президент Вин Мьин ва давлат маслаҳатчиси (бу лавозим Бош вазирга тенглаштирилган), “Демократия учун миллий лига” (ДМЛ) ҳукмрон партияси етакчиси Аун Сан Су Чжи ноябрь ойида ўтказилган сайловлардаги қаллоблик учун ҳибсга олинган.

Президент давлат маслаҳатчиси ҳибсга олингани ҳақида ДМЛ вакили Мио Ньюнт маълум қилган. Унга кўра, 1 февраль куни тонгда партиянинг бошқа юқори мансабли вакиллари ҳам ушланган. Ньюнт ўша заҳоти гап ҳарбий тўнтариш ҳақида кетаётган бўлиши мумкинлигини айтиб ўтган.

Қўлга олинганлар орасида партия Марказий ижроия қўмитаси аъзолари, депутатлар ва ҳукумат аъзолари бор, деб хабар қилди “Associated Press”. Агентлик маълумотларига кўра, Аун Сан Су Чжи уй қамоғида сақланмоқда.

Айни пайтда Мьянма пойтахти Нейпьидода интернет ва телефон алоқаси ишламаяпти. Шунингдек, давлат телеканаллари ҳам ишламаяпти, фақатгина ҳарбийлар телеканаллари фаолияти давом этяпти.

АҚШ ҳукумати Мьянмада бўлаётган ишларни кузатаётганини маълум қилди. Вашингтон Аун Сан Су Чжи ва бошқа мансабдорлар қўлга олингани юзасидан хавотирда. Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки маълум қилишича, Америка мамлакатда яқинда бўлиб ўтган сайловлар натижасини ўзгартириш бўйича ҳар қандай уринишларга қарши чиқади.

Ноябрдаги сайловларда “Демократия учун миллий лига” партияси 476 та ўриндан 396 тасини қўлга киритиб, ғалаба қозонган эди. Бу партияга яна беш йилга ҳукуматни шакллантириш имкониятини берганди. Ҳарбийлар томонидан қўллаб-қувватланадиган Бирдамлик ва иттифоқ тараққиёти партияси эса атиги 33 та ўринга эга бўлган. Ҳарбийлар қалбакилаштириш ҳолатларидан шикоят қилди ва сайлов натижаларини Олий судда баҳслашди, сайлов комиссияси эса фирибгарлик далилларини топмади.

Ўтган ҳафта Мьянма Қуролли кучлари бош қўмондони қонунлар тегишлича бажарилмаса, конституция бекор қилиниши мумкинлигини маълум қилгач, мамлакатдаги сиёсий кескинлик ошиб кетди. Кейинроқ Мьянма ҳарбийлари бош қўмондон давлат тўнтариши уюштириш билан таҳдид қилганини рад этди.

Мьянмада ҳарбийлар 1962 йилдан 2011 йилга қадар ҳокимиятни бошқарган.


Мақола муаллифи

Теглар

Мьянма

Баҳолаганлар

172

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг