Лутфулла Саъдуллаев ҳамон жонлантириш бўлимида қолаётгани айтилди
Маданият-санъат
−
07 Апрель 2022
13195Хабарингиз бор, жорий йилнинг 4 апрель куни Ўзбек театр ва кино санъатининг йирик намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев касаллик сабаб оғир аҳволда шифохонанинг Жонлантириш бўлимига ётқизилган эди. Унинг кенжа қизи Муқаддас Саъдуллаева ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали отасининг оёққа туриши учун дуо қилаётганларга раҳмат айтиб, жонлантириш бўлимидаги отасининг соғлиғи ҳақида йиғлаб гапирди.
“Адажоним ҳаққига дуода, яхши ниятда бўлаётган одамлардан Аллоҳ рози бўлсин. Аллоҳ икки баробар қилиб яхши ниятларни ўзига қайтарсин. Ҳеч ким негатив, ёмон хаёлга бормаяпти, ёмон ёзмаяпти. Лекин мабодо “Шундай вазиятда ҳам видео, расм қўйиш кўнглига сиғяптими?”, деган хаёлга борадиган одамлар ҳам бўлиши мумкин. Шунақа ўйлайдиган одамлар учун бир нарсани айтмоқчиман: 2017 йил ҳам адамнинг аҳволлари жуда оғир бўлган. Жуда ҳам оғир аҳволда реанимация ётганларида, аввало Яратган эгам ва сизларнинг дуоингиз билан адажоним яна оёққа туриб, ҳаётга қайтганлар. Шунинг учун сизларни иккинчи оиламдек яхши кўраман. Сизлар ҳам бўлаётган ҳодисалардан бохабар бўлиб туринглар, деб видеолар жойлаб турибман. Илтимос, дуодан тўхтаманг. ИншаАллоҳ яхши ниятда яхшиликдан умидвормиз. Соғайиб кетадилар, деб ният қиляпмиз. Қўллаб-қувватлаётганларга мингдан минг раҳмат айтаман”, дейди Саъдуллаева.
Маълумот учун, Лутфулла Саъдуллаев 1940 йил 18 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1965 йил Тошкент театр ва рассомчилик санъат институтини тугатган. 1963 – 2007 йилларда Ёш томошабинлар, Абдулла Қаҳҳор номидаги Сатира театрларида актёр бўлиб фаолият кўрсатган. Ҳозирги кунда Абдулла Қаҳҳор номидаги Сатира театрларида ижод қилиб келмоқда.
Фаолияти давомида 200 га яқин спектаклларда бир-биридан эсда қоларли роллар ижро этган. Кино ва видеофильмлар, телевизион миниатюралар дастурида ижро этган роллари эса 500 дан ортиқдир. 1968 йилда ҳамкасби Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаева билан турмуш қурган актёр – бугун 3 фарзанднинг отаси.
Лутфулла Саъдуллаев узоқ йиллик ижодий фаолиятида давомида ўз ҳаёти ва ижодидан ҳикоя қилувчи, устозлари, марҳум ҳамкасблари ҳақидаги хотиралари жамланган “Қисмат”, “Ўкинч”, “Мени кечир...” номли китобларини нашрдан чиқарган.
Эслатиб ўтамиз, Лутфулла Саъдуллаевнинг тўнғич куёви Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Маъсудов 2020 йилнинг 30 август куни коронавирус сабаб вафот этган эди.
LiveБарчаси