Лукашенконинг яна бир мухолифи 13 йилга қамалди

Олам 2196
image

Беларусь Президенти Александр Лукашенко ва амалдаги ҳукуматга нисбатан мухолифатчи блогер Эдуард Палчисни бугун, 17 декабрь куни Минск шаҳар суди томонидан 13 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У Жиноят кодексининг тўрт моддаси билан, жумладан, оммавий тартибсизликлар уюштиришда айбдор деб топилди ва жазони қаттиқ режимдаги колонияда ўташи белгиланди.

Маълумот учун, Палчис 2020 йилда оммавий тартибсизликларни уюштирганлик учун қўзғатилган жиноий иш доирасида ҳибсга олинган. Шу йилнинг октябрь ойида унга тўртта жиноий иш бўйича айблов эълон қилинди. Бундан ташқари, Минск суди блогернинг Telegram каналини экстремистик деб тан олди.

Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, Палчиснинг жиноий фаолияти 2016 йилда бошланган ва 2020 йил сентябрида ҳибсга олинмагунча давом этган. Терговчиларнинг фикрича, “Палчиснинг асосий қуроли у томонидан яратилган ва бошқариладиган интернет ресурслари, жумладан Telegram канали ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари бўлиб, мамлакат аудиториясининг кўпчилигини ўзига тортган ва оломон онгини бошқаришда фойдаланилган.

Палчис “адоват қўзғатишга қаратилган, оғир оқибатларга олиб келган ҳаракатлар”, “оммавий тартибсизликлар уюштириш”, “жамоат тартибини қўпол равишда бузадиган ҳаракатларни содир этиш” моддалари бўйича айбланган.

Аввалроқ Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаянинг турмуш ўртоғи Алексадр Тихановский 18 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Шаҳло Орзиева

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 43
Рейтинг: 2.9
t
×