Лукашенко ва Путиннинг ашаддий душманлари Тинчлик учун Нобель мукофоти билан тақдирланди

Олам

image

Бу йилги Тинчлик учун Нобель мукофоти Россия, Беларусь ва Украина ҳуқуқ фаоллари – "Мемориал" Россия инсон ҳуқуқлари жамияти, Украина фуқаролик эркинликлари маркази жамоат ташкилоти ва "Весна" Беларусь инсон ҳуқуқлари маркази асосчиси Алесь Беляцкийга насиб этди. Мукофот бирданига уч номзодга топширилди. Бу ҳақда Нобель қўмитаси хабар берди. 

"Тинчлик мукофоти совриндорлари ўз мамлакатларидаги фуқаролик жамияти вакиллари бўлиб, йиллар давомида улар ҳокимиятни танқид қилиш ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини илгари сурди. Улар уруш жиноятлари, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ҳолатларини ҳужжатлаштириш бўйича улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Улар биргаликда тинчлик ва демократия учун фуқаролик жамиятининг муҳимлигини намойиш этадилар", дейилади қўмита баёнотида.

Алесь Беляцкий 1980-йилларнинг ўрталарида Беларусда пайдо бўлган демократик ҳаракатнинг ташаббускорларидан бири эди. “У ўз ҳаётини ўз мамлакатида демократия ва тинч тараққиётни ривожлантиришга бағишлади”, деб ёзади Нобель қўмитаси. 1996 йилда Бяляцкий мунозарали конституциявий тузатишларга жавобан "Весна" ташкилотига асос солган, қўмитанинг таъкидлашича, "президентга диктаторлик ваколатлари берилган ва оммавий намойишларга сабаб бўлган". 

"Ҳокимият бир неча бор Алесь Беляцкийнинг овозини ўчиришга уринган. У 2011 йилдан 2014 йилгача қамоқда эди. 2020 йилда режимга қарши кенг кўламли намойишлардан сўнг у яна ҳибсга олинди. У судсиз ҳибсда қолмоқда. Катта шахсий қийинчиликларга қарамай, Беляцкий Беларусда инсон ҳуқуқлари ва демократия учун курашда бир дюйм ҳам ортга чекинмади", дейди қўмита. 

Қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштиришга қаратилган "Мемориал" иши

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти 1987 йилда коммунистик тузум қурбонлари хотирасини сақлаш мақсадида ташкил этилган. Унинг асосчилари орасида тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Андрей Сахаров ва ҳуқуқ ҳимоячиси Светлана Ганнушкина бор. СССР парчаланганидан кейин "Мемориал" Россиядаги энг йирик инсон ҳуқуқлари ташкилотига айланди. У Россиядаги сиёсий репрессиялар ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳақида маълумот тўплади ва тизимлаштирди. 

Қўмита хабарида "Мемориал"нинг Чечен урушлари давридаги фаолияти алоҳида қайд этилган. "Мемориал" Россия ва россияпараст кучлар томонидан тинч аҳолига нисбатан содир этилган суиистеъмоллик ва ҳарбий жиноятлар ҳақида маълумот тўплади ва тасдиқлади. 2009 йилда ушбу иш туфайли "Мемориал" Чеченистон бўлими раҳбари Наталья Эстемирова ўлдирилган", деб эслайди қўмита. 

"Ташкилот милитаризмга қарши кураш, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бошида", дея таъкидлайди қўмита. 2021 йил декабрь ойида Россияда суд "Мемориал"ни мажбуран тугатиш ва уни ёпишга қарор қилди. 

Фуқаролик эркинликлари марказининг Украинага бостириб кириш давридаги фаолияти

Фуқаролик эркинликлари маркази 2007 йилда Киевда "Украинада инсон ҳуқуқлари ва демократияни илгари суриш" мақсадида ташкил этилган.

“Марказ Украина фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ва Украинани тўлақонли демократик давлатга, ҳуқуқий давлатга айлантириш учун ҳокимиятга босим ўтказиш бўйича позицияни эгаллади”, дейилади қўмита хабарида. 

"Россиянинг 2022 йил февралида Украинага бостириб киришидан сўнг, Фуқаролик эркинликлари маркази Россиянинг Украина тинч аҳолисига қарши уруш жиноятларини аниқлаш ва ҳужжатлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликда марказ жиноят содир этган шахсларни жавобгарликка тортишда илғор роль ўйнамоқда", дейилади хабарда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Нобель мукофоти Алесь Беляцкий

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг