Лукашенко сайлов олдидан беларусликларни намойишлар оқибатидан огоҳлантирди (видео)
Олам
−
23 Ноябрь
4317Беларусь резиденти Александр Лукашенко 2025 йил январь ойида бўладиган президентлик сайловида оммавий норозилик юз берса интернетни бутунлай ўчириб қўйишини маълум қилди. Бу ҳақда унинг маъмуриятига яқин бўлган “Пул первого” Telegram-канали хабар берди.
Қайд этилишича, Беларусда 2020 йилги президент сайлови натижалари эълон қилинганидан кейин оммавий норозиликлар чоғида интернетнинг кенг миқёсда ўчирилиши Александр Лукашенконинг буйруғи билан амалга оширилган.
“Агар бу такрорланса, интернетни бутунлай ўчириб қўямиз. Очиқ айтаман, бу деярли ҳар доим менинг рухсатим билан содир бўлган. Олдимизда иккита муаммо бор эди ва уларни ўлчаб кўришимизга тўғри келди...”, дейди Лукашенко.
“Наша Нива” нашри манбаларига кўра, Александр Лукашенконинг навбатдаги президентлик муддати учун қайта сайланишидан олдин кучишлатар тузилмалар олдига сайловлардан олдин ёки овоз бериш вақтида норозилик билдириш эҳтимоли бўлганларни “филтрлаш” вазифаси қўйилган. Маълумотларга кўра, ҳудудларда олдиндан тинтув қилиш ва қўлга олиш учун мўлжалланган шахсларнинг рўйхати тузилган.
Шунингдек, кучишлатар тузилмалар сайловларнинг “ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисаларсиз” ўтишини таъминлаши керак, жумладан, норозилик варақалари тарқатиш, овозларни шаффоф ҳисоблаш талаблари ёки Лукашенко номзодига қарши чиқишлар кузатилмаслиги зарур.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Лукашенко ўзининг еттинчи муддатга президентликка номзодини қўйишини маълум қилган эди. Беларусь парламентининг қуйи палатаси навбатдаги президентлик сайловлари 2025 йилнинг 26 январида бўлиб ўтиши тўғрисида қарор қабул қилган.
LiveБарчаси