Лукашенко Путин акасидан қарзларни узиш масаласида ёрдам олмоқчи
Олам
−
09 Сентябрь 2020
8247Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин ва Беларусь Президенти Александр Лукашенко Москвада учрашишлари ҳақида хабар қилгандик.
Сўнгги маълумотларга кўра, икки Президент музокаралар вақтида Беларуснинг Россия олдидаги давлат қарзини ҳам муҳокама қилади. Бу ҳақда ТАСС Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песковга таяниб хабар берди.
“Яқинда Москвада бўлиб ўтадиган учрашувда Россия Президенти Владимир Путин ва унинг Беларуслик ҳамкасби Александр Лукашенко савдо-иқтисодий масалалар, шу жумладан Беларуснинг Россия Федерацияси олдилаги давлат қарзи мавзуларини муҳокама қилишади”, деган Песков.
Кремль вакилининг сўзларига кўра, Беларуснинг РФ олдидаги қарзи қайта молиялаштирилиши мумкин.
“Беларусь оғир кунларни бошдан кечираётган пайтда, икки давлат ўртасидаги алоқалар янада долзарб ва муҳим аҳамият касб этмоқда”, деди Песков.
Эслатиб ўтамиз, 3 сентябрь куни Россия Бош вазири Михаил Мишустин Минскга ташриф буюриб, у ерда Лукашенко билан учрашган.
Маълумот учун, Беларусдаги вазият барқарор эмас. Мамлакат пойтахти 9 август куни ўтказилган президентлик сайловидан кейин намойишлар марказига айланди. Мухолифат сайлов натижаларидан норозилик билдириб кўчага чиқди. Орадан бир ой ўтган бўлса-да, Беларусь халқи тинчигани йўқ.
Рушанабону Султонова