Лукашенко куч ишлатар тузилмалар ваколатини кенгайтирди
Олам
−
17 Май 2021
3709Беларусь Президенти Александр Лукашенко мамлакат миллий хавфсизлигини таъминловчи ички ишлар органлари ва бошқа бир қатор куч тузилмаларининг вазифалари тўғрисидаги қонунларга ўзгартириш киритиш бўйича ҳужжатни имзолади. Бу ҳақда БелТА хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, киритилган ўзгартиришлар жисмоний куч, махсус воситалар, қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техникадан фойдаланиш шартлари ва чегараларини белгилаб беради.
Ҳужжатга кўра, ички ишлар органларига тартибсизликларни бостиришда ҳарбий ва махсус техникадан фойдаланиш ваколати берилган. Шу билан бирга, ушбу органлар норозилик ҳаракатларини бостиришда юқоридаги ваколатлардан қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ фойдаланса, уларни қўллаш оқибатида етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.
Ички ишлар органлари ходимларига процессуал жараёнларни юритиш, жамоат тартибини, шахсий ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фуқароларнинг видеога ҳамда суратга олишини тақиқлаш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, уларга хизмат пайтида атроф-муҳитни, шу жумладан фуқароларни видеога олишга рухсат берилади. Бундан ташқари, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказиш, улар билан бирга бўлган нарсаларни ва транспорт воситаларини текшириш шартлари белгиланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг августида Беларусда норозилик намойишлари бошланиб 5-6 ойдан ошиқ кучли даражада давом этди. Норозилик ҳаракатларининг бошланишига эса Александр Лукашенконинг президентлик сайловларида ғалаба қозониши ва бундан норози бўлган мухолифатнинг халқни митингларга чақириши сабаб бўлди.
LiveБарчаси