Агар Лукашенко суиқасд қурбони бўлса, ваколатлар тўнғич ўғлига ўтадими?

Олам

image
0:00
0:00
download

Беларусь Президенти Александр Лукашенко “Суверенитет ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унда давлат раҳбари вафот этган тақдирда Президент ваколатлари Хавфсизлик кенгашига ўтиши назарда тутилган. Бу ҳақда бугун, 9 май куни мамлакат Президенти Матбуот хизмати маълум қилди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Лукашенконинг тўнғич ўғли Виктор ушбу Хавфсизлик кенгашининг аъзоси ҳисобланади. 

“Ҳужжатда давлат раҳбари суиқасд, терроризм, ташқи тажовуз ёки бошқа зўравонлик ҳаракатлари оқибатида вафот этган тақдирда барча давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари Хавфсизлик кенгаши қарорларига мувофиқ ҳаракат қилиши кўзда тутилган. Ушбу кенгашга Бош вазир раислик қилади”, дейилади Президент Матбуот хизмати хабарида.

Фото: Лукашенко ва ўғиллари. Чапдан биринчиси Виктор Лукашенко

Қайд этилишича, агар мамлакат Президенти юқорида айтилган ҳолатлар оқибатида вафот этса, мамлакат ҳудудида зудлик билан фавқулодда ҳолат ёки ҳарбий ҳолат жорий этилади ва Хавфсизлик кенгаши ушбу вазиятни тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар рўйхатини белгилайди. 

“Хавфсизлик кенгашининг қарорлари ҳар ким учун мажбурийдир ва сўзсиз ижро этилиши шарт”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Беларусь раҳбари Лукашенко 24 апрель куни “кутилмаганда” ўз мажбуриятларини бажара олмай қолган тақдирда, ҳукумат Хавфсизлик кенгашига ўтишини маълум қилиб, бу тўғрисида фармон тайёрлашни буюрган эди. 

Маълумот ўрнида, Лукашенко ва фарзандларига нисбатан суиқасд тайёрлаган гуруҳ қўлга олингани хабар қилинганди. Президент бунда тўғридан-тўғри АҚШ махсус кучларини айблаган.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин мамлакат парламентига йўллаган анъанавий мурожаатида Лукашенконинг ҳаётига уюштирилган суиқасдни “ғазаблантирадиган ҳолат”, деб атаганди. Шунингдек, у ушбу воқеага дунёда ҳеч ким реакция кўрсатмаганига эътибор қаратганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

103

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг