Лукашенко “катта оғаси” билан учрашиш учун жўнаб кетди

Олам 5126
image

Беларусь Президенти Александр Лукашенко бугун, 22 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиш учун Москвага учиб кетди. Бу ҳақда Беларусь Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.

“Беларусь Президенти Александр Лукашенко Россия Федерациясига амалий ташриф билан жўнаб кетди. Москвада Беларусь давлат раҳбари ва Россия Президенти ўртасида учрашув ҳамда музокаралар режалаштирилган”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, аввалроқ Беларусь Президенти Матбуот хизмати Москвада Лукашенко ва Путин икки давлат муносабатларининг долзарб масалалари ва савдо-иқтисодий алоқаларни муҳокама қилишлари, шу жумладан аввалги телефон суҳбати ҳамда учрашувларнинг давоми хусусида ҳам тўхталиб ўтиши ҳақида хабар берилганди. 

Хабарда қайд этилишича, COVID-19 пандемиясига қарши курашда ўзаро алоқалар масалалари, тўлиқ транспорт ҳаракатларини тиклаш бўйича кейинги қадамлар ва шу билан биргаликда, Иттифоқ давлати масаласи суҳбатнинг асосий мавзулари бўлади. Шу билан бир қаторда, икки давлат раҳбарлари ҳозирги чақириқ ва таҳдидларга қарши биргаликда курашишни муҳокама қилишлари ва минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашишлари кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча, 21 апрель куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин мамлакат парламентига йўллаган анъанавий мурожаатида Лукашенконинг ҳаётига уюштирилган суиқасдни “ғазаблантирадиган ҳолат”, деб атаганди. Шунингдек, у ушбу воқеага дунёда ҳеч ким реакция кўрсатмаганига эътибор қаратганди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 141
Рейтинг: 3
t
×