Лукашенко бутун ЕОИИ давлатларини Путиннинг “қўлига топширадиган” лойиҳа ҳақида гапирди

Олам

image

Бугун, 25 май куни Москвада бўлиб ўтаётган Евроосиё иқтисодий иттифоқи кенгаши йиғилишида Беларусь фуқароси Александр Лукашенко нутқ сўзлаб, асосий эътиборни ЕОИИ мамлакатлари газ, нефть ва нефть маҳсулотларининг умумий бозорларини шакллантириш йўлида секинлик билан силжиётганига эътибор қаратди.

“Евроосиё интеграциясининг ички кун тартибининг бир қатор энг муҳим масалалари бўйича биз қийин ва очиқчасига секин ҳаракат қилмоқдамиз. Биринчи навбатда, гап газ, нефть ва нефть маҳсулотларининг умумий бозорларини шакллантириш, рақамли технологияларни жорий этиш ва транспорт бозорини либераллаштириш ҳақида бормоқда”, деган Лукашенко.

Шу билан бирга, Беларусь раҳбари булар ЕОИИ мамлакатлари иқтисодиёти фаолиятининг асосий йўналишлари экани ва санкциялар фонида уларнинг аҳамияти “фақат ортиб бораётганини” қайд этган. Лукашенконинг айтишича, бугун, 25 май куни бўлиб ўтган ЕОИИ давлатлари раҳбарларининг тор форматдаги учрашувида ушбу масалаларга катта эътибор қаратилган ва ЕОИИда умумий энергия бозорлари 2025 йил 1 январдан иш бошлаши кераклиги айтилган.

Бундан ташқари, Лукашенко Жануби-шарқий мамлакатлар билан логистикани ривожлантириш зарурлигига ишора қилган.

“Жануби-шарққа экспорт оқимининг тескари ўзгариши муносабати билан ушбу минтақа мамлакатларига биргаликда “дераза очиш” жуда муҳим. Бу маҳаллий товарлар учун тубсиз бозор”, деган Лукашенко Олий Евросиё Иқтисодий Кенгаши йиғилишида. 

Шунингдек, Лукашенко учинчи давлатларга автомобиль ташиш тартибини соддалаштириш муҳимлигини таъкидлаган ва махсус рухсатномаларсиз учинчи давлатларга автомобиль ташишни либераллаштириш масаласини кўриб чиқишга қайтишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблашини билдирган.

Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, Россия бутун дунё мамлакатлари, жумладан ён-атрофидаги собиқ совет республикаларига ҳам энергия ресурслари орқали босим ўтказиб келади. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга ушбу соҳадаги уч давлатнинг тижорат манфаатларини мувофиқлаштириш учун “уч томонлама газ иттифоқи” тузишни таклиф қилган эди. 2023 йил январида Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика вазирликлари “Газпром” билан ҳамкорлик режасини имзолади. 

Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистонга Россиядан газ етказиб бериш “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали амалга оширилиши режалаштирилаётганини маълум қилди. 

Қозоғистон ҳукумати Россия газини ўз ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзит қилиш масаласини муҳокама қилмоқда. 

Шунингдек, Россиядан Хитойга газ қувурини қуриш эҳтимоли бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Туркия президентлигига мухолифатдан ягона номзод Камол Қиличдорўғли ҳам Эрдўған Ҳукумати мамлакатни Россия газига қарам қилишидан қўрқаётганини айтган эди. Унинг маълум қилишича, Туркияда Россия билан газ хаби лойиҳасининг амалга оширилиши мамлакатнинг Россияга энергетик қарамлигини ҳозирги 30-40 фоиздан 70-80 фоизгача оширади ва кейинроқ Анқарани бутунлай Москвага қарам қилади. 

Маълумот учун, Москвадаги Катта Кремль саройида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида Россия Президенти Владимир Путин, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Беларусь фуқароси Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович иштирок этган. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон видеоалоқа орқали иштирок этган. 

Йиғилишга Озарбайжон Президент Илҳом Алиев ҳам таклиф қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Москва нефть Путин Лукашенко ЕОИИ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг