Лукашенко Беларусда уруш нимадан бошланиши мумкинлигини айтди
Олам
−
08 Июль 2021
7678Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг таъкидлашича, замонавий шароитда уруш ташқи тажовуз билан эмас, балки Беларусда тартибсизлик ўрнатиш учун одамларнинг “онгини йўқ қилиш” билан бошланиши мумкин. Бу ҳақда давлат раҳбари бугун, 8 июль куни Минскда олий ҳарбий ўқув юртлари битирувчилари ва катта офицерлари билан учрашувда айтиб ўтди.
“Назарий жиҳатдан биз урушга тайёргарлик кўрмаяпмиз. Сизлар яхши тушуниб турибсизки, уруш ташқи тажовуз билан бошламайди, у ичкаридан одамлар онгини бузиш билан бошланади. Уруш мамлакатимизда тартибсизликларни уюштиришдан бошланади ва агар керак бўлса, кейинроқ хорижий қўшинлар ҳам киради. Биз бу ҳақда гаплашгандик, мана шу бизнинг миллий хавфсизлик концепциямизнинг моҳиятидир”, дейди Беларусь раҳбари.
Беларуснинг Ғарб давлатлари билан муносабатлари мамлакатда бўлиб ўтган 2020 йилги президентлик сайловларидан сўнг ёмонлашди. Ўша сайловда Александр Лукашенко 80,1 фоиз овоз билан 6-марта ғалаба қилди.
Сайловдан сўнг мамлакатда рухсатсиз оммавий норозилик намойишлари бошланди. Улар тартибсизликлар билан боғлиқ бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан махсус техника ва махсус воситалар ёрдамида бостирилди.
Фото: Минскдаги оммавий намойишлар
Жорий йилнинг 11 февраль куни Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитаси мамлакатда вазият барқарорлашганини эълон қилди. Республикада бир қатор мухолифат раҳбарларига қарши жиноий ишлар қўзғатилган, жумладан ҳокимиятни эгаллашга чақириш, экстремистик тузилмани яратиш, давлат ҳокимиятини конституцияга зид равишда қўлга киритиш фитнаси ва террористик ҳаракатга уриниш.
Беларусь расмийлари мамлакатдаги норозилик намойишлари чет давлатлари томонидан мувофиқлаштирилаётганини бир неча бор таъкидлаган. Лукашенко Ғарбни республикадаги вазиятга бевосита аралашишда айблади, нотинчлик АҚШ томонидан бошқарилаётгани ва европаликлар америкаликлар билан “бирга ўйнаётганини” таъкидлади.
Бундан ташқари, Лукашенко мустақил республикани йўқ қилишни истаган ташқи кучлар Беларусда “рангли инқилоб”ни амалга оширишга уринганини қайд этди.
Сайловдан кейин Беларусь ва Ғарб давлатлари ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди. Европа Иттифоқи, Буюк Британия, АҚШ, Канада ва бошқа бир қатор давлатлар расмий Минскни сайлов натижаларини қалбакилаштиришда айблаб, аста-секин мамлакат расмийларига, шунингдек айрим корхоналарга қарши санкцияларни жорий этди.
LiveБарчаси