Лука Модрич фаолиятини қандай якунлаши ҳақида гапирди

Спорт 3505
image

Испаниянинг “Реал” футбол клуби ярим ҳимоячиси Лука Модрич айнан шу жамоада фаолиятини якунламоқчи. Спортчининг изоҳини “La Gazzetta dello Sport” нашри келтириб ўтди.

34 ёшли футболчининг шартномаси 2021 йилнинг ёзида якунига етади. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ танаффусдан кейин 12 июнь куни тикланган жорий мавсумда хорватиялик ярим ҳимоячи клуб сафида 31 та ўйин ўтказди. 5 та гол урди ва 5 та голли узатмага муаллифлик қилди.

"Мен яна икки йил юқори савияда ўйнай олишимга аминман. Фаолиятимни "Реал"да якунламоқчиман. Аммо бу клубга боғлиқ", деди футболчи.

Модрич “Реал”га 2012 йилда Англиянинг “Тоттенхэм” клубидан ўтган. Жамоа билан биргаликда у Испания кубоги соҳиби бўлган. Уч бор мамлакат суперкубоги ва UEFA Суперкубоги ғолибига айланган. Бундан ташқари, тўрт марта Чемпионлар Лигаси ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган. Модрич 2018 йилда "Олтин тўп"ни қўлга киритган.

Хорватия терма жамоаси билан биргаликда Модрич Россияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати финалига қадар етиб борди ва финалда жамоа Франция терма жамоасига ютқазди. Умуман олганда, ярим ҳимоячи миллий терма жамоа либосида 127 та ўйинда (тарихдаги иккинчи натижа, пешқадам - Дарио Срна, у 134 та ўйинда иштирок этган) майдонга тушди ва 16 та гол (Нико Кранжкар билан еттинчи ўринни эгаллаб турибди, пешқадам Давор Шукер, у 45 марта тўп киритган) урди.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 61
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×