Лондон шаҳри дунёнинг молиявий маркази мақомини йўқотди
Олам
−
30 Март 2023
11194Лондон шаҳри маъмурияти томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, Британия пойтахти молиявий марказларнинг жаҳон рейтингида энди ягона етакчи эмас. Бунга Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши сабаб бўлган.
Британия пойтахти ишбилармонлик округи бошқарув органи – City of London корпорацияси ташаббуси билан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, Лондон шаҳри жаҳон молия марказлари рейтингида пешқадамликни Нью-Йорк билан бўлишади. Шу билан Лондон шаҳри тарихда биринчи марта асосий молиявий марказ сифатидаги ягона мақомини йўқотди.
Ушбу рейтингда Лондон ва Нью-Йорк мос равишда 60 балл билан биринчи ўринни эгаллаган. Сингапур 51, Франкфурт 46, Париж 43, Токио 35 очко билан кейинги ўринларга лойиқ деб топилган.
Якка пешқадамликни йўқотишнинг асосий омилларидан бири Brexit – Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўлди. Шу сабабли, баъзи корпорациялар штаб-квартираларини континентал Европага кўчиришга мажбур бўлди.
Тадқиқотда қайд этилишича, Лондон қарз бериш, тижорат суғуртаси ва активларни бошқариш бўйича дунёдаги энг йирик марказ бўлиб қолмоқда. Бироқ жаҳон молиявий маркази мақомини сақлаб қолиш учун Британия пойтахти тартибга солишни яхшилаши ва чет элдан малакали ишчи кучининг кириб келишини таъминлаши керак.