Ливияда фавқулодда ҳолат эълон қилинади, Ҳукумат тарқатиб юборилиши кутилмоқда
Олам
−
25 Август 2020
5729Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан тан олинган Ливия миллий келишув ҳукумати раҳбари Файёз ал-Сарраж мамлакат Вазирлар Маҳкамаси таркибини ўзгартириш режаларини эълон қилди.
Маҳаллий телевидение эфирида ал-Сарраж мамлакатдаги инқирозга эътибор қаратди.
“Давом этаётган инқироз фонида, мен мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилишни рад этмайман. Ҳукумат таркиби бугунги кун талабларига жавоб бермагани учун қайта кўриб чиқилади", деди ал-Сарраж.
Унинг сўзларига кўра, Ливия раҳбарияти мамлакатда тартибсизликларга йўл қўймайди.
"Биз қонуний ҳокимият сифатида, мамлакатда рўй бераётган воқеалар учун жавобгарликни тан оламиз, гарчи биз унинг бутун ҳудудини назорат қила олмаётган бўлсак ҳам", дейди Ливия Бош вазири.
Бош вазир Ливия муаммоларини бартараф этишнинг ягона йўли сиёсий жараён ва сайловлар орқали амалга оширилишини таъкидлади.
"Биз Ливиядаги барча томонлар рози бўлган ҳар қандай келишувни тан олишга тайёрмиз", дейди у.
Ал-Сарражнинг таъкидлашича, бир қатор доиралар сайлов ўтказиш ғоясидан норози.
Бош вазир, шунингдек, ватандошларини мамлакатдаги вазиятни кескинлаштиришга қаратилган фитналарга нисбатан сергак бўлишга чақирди.
“Давлат тузилмалари йиғилишлар эркинлигини таъминлашга тайёр. Бироқ, ҳар қандай фитна ва зўравонликка уриниш оғир оқибатларга олиб келади", дея огоҳлантиради у.
Ливия Бош вазири Ливия аҳолисининг фаровонлигини кескин пасайтирган нефть саноатига босим ўтказишда мамлакат шарқидаги ноқонуний қуролли гуруҳлар этакчиси Халифа Хафтарни айблади.
Ливия келишуви
Ливия Бош вазири Файез ас-Сарраж ва Халифа Хафтарнинг сиёсий иттифоқчиси, Тобрукдаги Вакиллар палатаси раҳбари Оқила Солиҳ 21 август куни мамлакатда сулҳ тузиш тўғрисида келишувни эълон қилди.
Келишувга мувофиқ, Сирте ва Жуфра минтақалари демилитаризация қилинган зоналар деб эълон қилинди. Шунингдек, Ливияда нефть қазиб олиш ва экспортни тиклаш, хорижий ёлланма ишчиларни мамлакатдан олиб чиқиш ва 2021 йил мартида сайловлар ўтказиш режалаштирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь