Литва Украинага 200 миллион евролик ҳарбий ёрдам беради

Олам

image

Литва Украина учун 200 миллион евро миқдорида узоқ муддатли ёрдам пакетини тасдиқлади. Бу ҳақда бугун, 11 январь куни Литва Миллий мудофаа вазирлиги Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Вазирликнинг қайд этишича, шу ойда 22 миллион евродан ортиқ ҳарбий ёрдам ажратилган. Вильнюс яқин орада Украина ҳудудларини миналардан тозалаш бўйича халқаро коалицияга яна 15 миллион евро ажратишни режалаштирмоқда.

“Шунингдек, биз кўпроқ ўқ-дорилар, генераторлар ва детонация тизимларини юборамиз”, деб ёзади нашр.

Қайд этиш жоизки, Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 10 январь куни эълон қилинмаган ташриф билан Литва пойтахтига борган. 

“Бизнинг ишончли дўстларимиз ва асосий ҳамкорларимиз Литва, Эстония ва Латвиядир. Кейинчалик Таллин ва Ригада бўламан, бугун эса Вильнюсдаман”, деб ёзди давлат раҳбари Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. 

Литва Президенти Гитанас Науседа Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида Вильнюс Украинага 200 миллион евролик узоқ муддатли ёрдам пакетини маъқуллаганини айтган.

Науседанинг айтишича, Литва январь ойида Украинага ўқ-дорилар, генераторлар ва миналардан тозалаш тизимларини, февралда эса М577 зирҳли транспортёрларини топширади.

Шунингдек, Литва украиналик ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш ва мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашни давом эттиради. 

“Литва уруш бошидан бери Украина билан бирга бўлди ва ғалабага қадар у билан бирга бўлади”, дейди Науседа.

Эслатиб ўтамиз, Украина-НАТО кенгаши йиғилишидан сўнг альянснинг кўплаб аъзолари 2024 йилда Киевга миллиардлаб евролик қўшимча имкониятлар тақдим этиш режаларини эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Литва Владимир Зеленский Гитанас Науседа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made