Литва уч нафар Хитой дипломатини мамлакатдан қувди

Олам

image

Кеча, 29 ноябрь куни Литва Ташқи ишлар вазирлиги Хитойнинг мамлакатдаги ваколатхонаси, яъни дипломатик миссияси таркибидан уч нафар ходимни персона нон грата деб эълон қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Нашрга кўра, вазирлик Хитой дипломатлари Вена конвенцияси ва Литва қонунчилигини бузганини билдирган, аммо тафсилотлар ошкор этилмаган.

Вазирлик баёнотига кўра, ушбу ходимлар Литвани бир ҳафта ичида тарк этишлари керак. Бу ҳолат икки давлат ўртасидаги аллақачон таранг бўлган муносабатларни янада кескинлаштиради.

Хитойнинг Литвадаги ваколатхонаси бу хабарларга изоҳ бермаган.

Нашрнинг ёзишича, Хитой 2021 йилда Тайванга Литвада де-факто элчихона очишга рухсат берилганидан сўнг ушбу мамлакат билан дипломатик алоқаларни пасайтирган ва халқаро корпорацияларга Болтиқ бўйи давлатидан узилиш учун босим ўтказган.

Маълумот ўрнида, Вена конвенцияси дипломатик алоқалар ва дипломатик миссиялар фаолиятини тартибга солувчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. У 1961 йил 18 апрелда Австриянинг Вена шаҳрида қабул қилинган ва 1964 йилда кучга кирган. Конвенция дипломатик миссияларнинг асосий ҳуқуқий қоидаларини белгилайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Британиянинг Москвадаги элчихонасида ишлаган дипломат Уилкс Прайорни жосусликда айблаб, аккредитациядан маҳрум қилган ва унга икки ҳафта ичида мамлакатдан чиқиб кетиш шартини қўйганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Литва

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг