Лавровга ваниҳоят АҚШ визаси берилди
Олам
−
13 Сентябрь 2022
9603Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва унга ҳамроҳлик қилаётган делегациянинг бир қатор аъзоларига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун АҚШ визалари берилди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
“Бугун Лавров ва делегациянинг бир қатор аъзоларига визалар берилди”, дейилади дипломатик департамент хабарида.
Шунингдек, Россия ТИВ делегациянинг бошқа аъзоларига ҳам визалар берилишини, АҚШ томонидан киритилган ноқонуний санкциялар туфайли россиялик вакиллар БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун логистик муаммоларга учраётганини қайд этган.
Маълумот ўрнида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 77-сессияси 13 сентябрь куни очилади. Сессиянинг асосий тадбири юқори даражадаги ҳафталик (20-26 сентябрь) бўлиб, унда турли мамлакатларнинг давлат, ҳукумат раҳбарлари ва Ташқи ишлар вазирлари иштирок этади. Россия Федерацияси делегациясининг нутқи 24 сентябрга белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ой ўрталарида Россиянинг АҚШдаги элчихонаси Оқ уй ва Давлат департаментидан мамлакат Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Россия делегациясининг барча аъзоларига сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясида қатнашиш учун виза беришни талаб қилган эди.
25 февраль куни АҚШ Лавровга қарши санкциялар киритган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси