Лавров Туркияда. У Россия экспорти учун йўл қидирмоқда
Олам
−
07 Апрель 2023
6344Бугун, 7 апрель куни Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Анқарада россиялик мавқедоши Сергей Лавров билан учрашиб, кенг кўламли масалаларда музокара олиб борди. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири ушрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Вазирлар бир йилдан бери давом этаётган Украинадаги уруш мавзусига тўхталиб, Қора денгиз ғалла шартномасини узайтириш масаласини муҳокама қилган. Мевлут Чавушўғли Туркиянинг Украина портларидан дон ва бошқа товарларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаш бўйича БМТ ҳомийлик қилган келишувни узайтириш тарафдори эканини таъкидлаган.
“Биз келишувнинг давом этишига, нафақат Россия ва Украинанинг дон ва ўғит экспорти, балки жаҳон озиқ-овқат инқирозини тўхтатиш учун ҳам аҳамият берамиз. Шунингдек, биз Россия ғалласи ва ўғитини экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш керак деган фикрга қўшиламиз. Ғалла бўйича келишувни янада узайтириш учун муаммоларни ҳал қилиш керак”, деган Чавушўғли.
Лавровнинг айтишича, икки бош дипломат дон келишуви, Туркиядаги потенциал газ маркази, Сурия ва Украинадаги можароларни муҳокама қилган. Шунингдек, Туркия Озарбайжон ва Арманистон ўртасида имкон қадар тезроқ тинчлик шартномасини тузиш зарур деб ҳисоблаши қайд этилган.
Бундан ташқари, вазирлар Фаластин ва Исроил ўртасидаги можаро юзасидан ҳам фикр алмашган.
“Фаластинликлар ва Исроил ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш жараёни, афсуски, кўплаб воқеалар ҳам фаластинликлар, ҳам исроилликлар томонидан кўрилган бир томонлама чоралар сабабли ҳозирда ўта жиддий тўқнашувларга айланди”, деган Лавров.
LiveБарчаси