Лавозимдан учган ҳоким қарорига жиноий иш қўзғатилди

Жамият 14890
image
-

Хўжаобод туманининг собиқ ҳокими Отабек Расулов имзолаган қарорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Андижон вилоят прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга жавобан ўзининг расмий баёнотида маълум қилган.

Унда айтилишича, Хўжаобод туманида ер майдонларини ажратиш билан боғлиқ, шу жумладан собиқ туман ҳокимининг 2019 йил 30 мартдаги 656-қ сонли қарорлари қабул қилинишида қонун талаблари бузилганлиги аниқланиб, мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.


“Ҳозирда жиноят иши бўйича Хўжаобод туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дея таъкидланган муносабатда.

Шунингдек, вилоят прокуратураси юқоридаги ноқонуний қурилиш ишлари тўхтатилгани ва тергов натижалари бўйича айбдор шахсларга нисбатан қонуний баҳо берилишини билдирган.Бироқ, прокуратуранинг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, собиқ ҳоким Отабек Расуловга жиноий иш очиш учун ҳали эрта. Ҳолат юзасидан олиб борилётган тергов иши якунлангач, бу ҳақида хабар берилади.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг сентябрь ойи бошида  2018 йилдан буён Хўжаобод туманини бошқариб келаётган Отабек Расулов ўз лавозимидан четлатилган эди. Бунга унинг ҳаракатларидан норози бўлган Хўжаобод вилояти халқ депутатлари Кенгашининг бир гуруҳ депутатларидан август ойи охирида Президент ва бир қатор ҳукумат идораларига келиб тушган мурожаатлари сабаб бўлган.

Ажабланарлиси, Хўжаобод туманининг собиқ ҳокими Отабек Расулов лавозимидан озод этилгунига қадар нақ икки маротаба Андижонда жорий этилган «Масъулиятли раҳбар» нишони билан тақдирланган.

Ҳулкар Муртазоева
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 311
Рейтинг: 3
t
×