Латвияда аёллар учун мажбурий ҳарбий хизмат жорий этилиши мумкин
Олам
−
27 Август
3194Латвия 2028 йилда аёлларни мажбурий ҳарбий хизматга чақиришни бошлаши мумкин. Бу ҳақда Болтиқбўйи республикаси Мудофаа вазири Андрис Спрудс маълум қилди.
Спрудсга кўра, 2028 йилга келиб ҳукумат ҳарбий хизматга чақирилувчилар сонини йилига 4 минг нафарга етказмоқчи. Шу вақтгача ҳукумат бир қатор тайёргарлик ишларини амалга ошириши ва мазкур масала бўйича сиёсий муҳокама бўлиши зарур. Шунда ҳарбий хизматга кирадиган аёллар учун зарур кийим-кечак, жиҳозлар, уларнинг захирасини яратиш керак бўлади. Латвия Миллий Қуролли Кучларига тегишли буйруқлар ҳам аллақачон берилган.
Маълумот учун, аввалроқ Латвия Ташқи ишлар вазири Байба Бразе ҳам аёлларни мажбурий ҳарбий хизматга чақириш ғоясини қўллаб-қувватлаган. Унинг таъкидлашича, “мажбурий” сўзи салбий эшитилса-да, аёлларнинг нафақат имкониятлари, балки масъулияти ҳам бор. Унинг ҳисоб-китобига кўра, аёллар учун мажбурий ҳарбий хизмат “ҳаммага фойда келтиради”.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дания ҳукумати 2026 йилдан бошлаб Қуролли кучларни ислоҳ қилиш доирасида аёлларни ҳарбий хизматга чақиришни таклиф қилган эди.