Данияда энди аёллар ҳам ҳарбий хизматга чақирилади

Олам

image

Дания ҳукумати 2026 йилдан бошлаб Қуролли кучларни ислоҳ қилиш доирасида аёлларни ҳарбий хизматга чақиришни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги маълум қилди. 

"Биз урушни хоҳлаётганимиз учун қайта қуролланаётганимиз йўқ. Биз урушдан қочиш учун армияни қайта қуроллантиряпмиз", дейди Дания Бош вазири Метте Фредериксен.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат жинслар ўртасида тўлиқ тенгликни истайди, шунингдек, ҳарбий хизмат муддатини тўрт ойдан 11 ойгача узайтиришни таклиф қилмоқда.

Мудофаа вазирлигининг режаларига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 5 минг нафар эркак ва аёл муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

2023 йил бошида ўша пайтдаги мудофаа вазири Якоб Эллеманн-Йенсен армия ҳақиқатан ҳам мамлакатни ҳимоя қила олмаслигини айтиб, аёлларни мажбурий ҳарбий хизматга чақиришни таклиф қилган. 2023 йил июнь ойида Дания парламентидаги мутлақ кўпчилик бу қарорга рози бўлган.

Шундай қилиб, Дания Европада Норвегия ва Швециядан кейин аёллар ҳарбий хизматни ўташи шарт бўлган учинчи давлатга айланади.

Муддатли ҳарбий хизматни ўташнинг 11 ойлик янги моделига кўра, муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар беш ой давомида бошланғич тайёргарликдан ўтади, қолган олти ой давомида армия, ҳаво кучлари ва денгиз флотида тезкор хизматни ўтайди.

Айни пайтда аҳолиси 6 миллиондан сал кам бўлган Данияда 18 ёшдан ошган барча жисмонан соғлом эркаклар ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳарбий хизмат Дания

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг